52756

Бош прокуратура: ФҲДЁ бўлими мудирасини жиноятларини фош этди

Ўзбекистон 19 апрель 9:42 840
Фото: Бош прокуратура:

Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари ва уларнинг иш фаолиятлари доимо халқ назарида, чунки ҳар бир инсон хаёти давомида бир неча маротаба мазкур муассасага мурожаат қилишига тўғри келади.

Инсоннинг дунёга келишидан то кетишигача бўлган ҳолатларни қайд этиш белгиланган мазкур муассаса ишчи хизматчилари халқнинг қувончу ташвишига бирдек шерик бўла олсагина, чин маънода халқнинг меҳрини қозона олади.

1981 йилда туғилган М.А. ҳам халқ меҳрини қозона олишига ишонч билдирилиб, яқинда вилоятдаги туманлардан биридаги ФҲДЁ бўлимига мудир этиб тайинланган эди. Аммо у халқ меҳри ва ўзига билдирилган ишончдан шахсий манфаатини устун қўйди.

2019 йилнинг апрель ойида фамилиясини ўзгартириш мақсадида ушбу аёл мудиралик қилиб келаётган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган фуқародан очиқчасига таъмагирлик қилиш йўлига ўтди.

Дастлаб 300 000 сўмлик канцелярия моллари ва 100 000 сўм пулни қўлга киритган мудирининг нафси яна тинчлик бермади. У энди очиқчасига 500 000 сўм нақд пул талаб қилди. Мудиранинг таъмагирлигидан тоқати тоқ бўлган фуқаро вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

2019 йилнинг 15 апрель куни вилоят ИИБ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида 500 000 сўм пулни пора тариқасида олаётган мудира жиноят устида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш