52633

Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекциясидаги «коррупция ўчоғи» фош қилинди

Иқтисод 16 апрель 14:03 1 098

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекциясидаги «коррупция ўчоғи» фош қилинди. Бу ҳақда ДСҚ хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, ДСИ ходимлари устидан «таъмагирлик ва коррупциядан дарак берувчи» шикоятлар мунтазам равишда келиб тушган.

«Аниқланишича, ушбу ДСИ ходимлари кўп йиллар давомида давлат ёки бюджет манфаатлари учун эмас, балки ўзларининг ғаразли мақсадлари учун ишлаб келиб, коррупция ўчоғини ташкиллаштиришган. У ерга эса тадбиркорлар бошқа иложи йўқлиги учун тушиб қолишган. Натижада, бюджетни тўлдириши ва давлатнинг ижтимоий пойдеворини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши мумкин бўлган маблағлар уларнинг шахсий чўнтакларига тушган», – дейилади хабарда.

Давлат солиқ қўмитаси Шайхонтоҳур тумани ДСИ ходимларининг бундан кейинги коррупцион хатти-ҳаракатларини олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширди. Давлат солиқ қўмитаси раисининг уч нафар ўринбосари бошчилигида яратилган махсус комиссия ҳозирда «инспекция ходимларининг қонунга зид ҳаракатларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда».

Фактлар асосида коррупцияда айбланган ходимлар босқичма-босқич ишдан бўшатилмоқда. Қолганлар эса махсус комиссия томонидан аттестациядан ўтказилади. Маълум бўлишича, Шайхонтоҳур тумани ДСИда 15 йил давомида «ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, бу эса инспекция ходимларига умумий тил бириктирган ҳолда коррупцион фаолиятни амалга оширишига имкон берган».

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 4 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрининг туман солиқ инспекциялари раҳбарияти таркибини янгилаш қарори қабул қилинган эди. Унга кўра Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Сергели, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманлари солиқ инспекциялари раҳбарлари ишдан бўшатилган.

Президентнинг танқидидан сўнг ДСҚ дарҳол солиқ органлари ходимлари таркиби қайта кўриб чиқилишини маълум қилган эди.

Изоҳ билдириш