52521

Ўқишга кириш учун «йўталлиш» керакми?

Ўзбекистон 11 апрель 7:56 364

Тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Дилдора Азимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) келинлар либоси ижараси билан шуғулланарди. Кейинчалик эса яна бир хизмат тури билан шуғулланишни мақсад қилди. Энди у косметология хизматини ҳам йўлга қўймоқчи бўлди. Бироқ бунинг учун ўрта махсус тиббий маълумот талаб этиларди. Шундан сўнг Д.Азимова иккинчи мутахассислик бўйича Чирчиқ тиббиёт коллежида ўқиш учун у ерга боради.

Ўқув даргоҳига боргач, шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Нозима Садриева билан танишиб қолади ва унга мақсадини айтади.

Н.Садриева эса Д.Азимовага ўқишга кириш шартларини тушунтириб, тўғри йўл кўрсатиш ўрнига, ундан пул ундиришни мақсад қилади. Яъни иккинчи мутахассисликка ўқиш учун талабгорлар кўплиги, улар имтиҳон асосида танлаб олинишини рўкач қилиб, қизнинг шаштини туширади.

Қизнинг ҳафсаласи пир бўлганини сезган Н.Садриева «хоҳласангиз, сизни коллежга киритиб қўяман, ўзим шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлайман», дейди. «Барака топинг, опажон, савобнинг тагида қолардингиз», дейди Д.Азимова унга жавобан.

Орадан икки кун ўтиб, Д.Азимованинг телефони жиринглади.

— Яхшимисиз? Мен ҳалиги масалани гаплашдим. Ўқишга кирдим, деб ҳисоблайверинг. Фақат раҳбарларимиз сўраган пулни берсангиз бўлди.

— Майли, фақат ҳозир имкониятим йўқ. Сиз у ёғини нақд қилиб қўяверинг, пулни кейинроқ, албатта, тўғирлаб бераман, — дея жавоб қилди Д.Азимова.

— Э, қизиқмисиз, — Н.Садриеванинг гапириш оҳанги ўзгарди. — Агар пулни олдиндан бермасангиз, сизни рўйхатга киритишмайди. Талабгорлар керагидан ортиқ бўлса, қолаверса, иккинчи мутахассисликка фақат «йўтал»ганлар олинади. Икки юз доллар берасиз, бўлмаса, ўқишга кирмайсиз.

Шунча пулни қаердан топиб беришни ўйлаб боши қотган Д.Азимова яна бир марта пулни кейинроқ беришни илтимос қилиб кўрди. Лекин Н.Садриева кўнмади. Шундан сўнг у нима қилишини билмай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди.

Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тадбирда Н.Садриеванинг фириби фош этилди. Унга берилган 200 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинди.

Ушбу ишни атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди уни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топди ва унга қилмишига яраша қонуний жазо та­йинлади.

Элнур АБДУЛАЗИЗОВ,

Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими бошлиғи

Изоҳ билдириш