52392

Президент пойтахтдаги 7та бош солиқчиларни лавозимидан озод этди

Долзарб | Ўзбекистон 4 апрель 23:44 1 411

Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди

Биринчи чоракда мамлакат бўйича бюджет тушумлари тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп ижро этилган. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб бўлган ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин, деди давлат раҳбари. Қўшимча маблағлар, жумладан, «Бешта ташаббус», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ичимлик суви», «Ҳар бир оила тадбиркор» каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, халқнинг даромадини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади.

Шавкат Мирзиёев ушбу вазифани ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга жами тушумлар прогнози 9 та туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан 7 тасида жами тушум прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарларини бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушум прогнози бажарилмаган бир қатор туман ва шаҳар солиқ идоралар раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.

Жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари самарали тоашкил этилмаганлиги сабабли ушбу тизимга янги ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан бирга Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Изоҳ билдириш