51846

Президент байрам муносабати билан 44 нафар маҳбусни афв этди

2019 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга асосан, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 44 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 7 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 11 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 12 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 30 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан ўз оилалари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 13 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди ва 1 нафар шахс қўшимча жазодан озод қилинди.

Афв этилганларнинг 2 нафарини 60 ёшдан ошганлар, 5 нафарини аёллар, шунингдек, 23 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган фуқаролар ташкил этади.

Изоҳ билдириш