51595

Дабдабали тўй кортежи ҳайдовчилари жаримага тортилди (видео)

Ўзбекистон 11 март 8:05 1 544

Жорий йил 21 февраль куни Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани М-39 автомобил йўлининг 1089 кмда «Сочак” аҳоли яшаш жойида жами саккизта «Каптива” ва битта «Мерседес Бенц” русумли автомашиналар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, автомашиналар жарима майдончасига қўйилди. Бу ҳақида STV телекомпанияси хабар бермоқда.

Нодир Ҳакимов – Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими: – Тўй кортежи гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, орқа томондаги транспорт воситалари ҳайдовчиларига ноқулайликлар туғдирган. Орқасидан келаётган ҳайдовчилар ушбу тўй кортежини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

Неъмат Тилавов – ҳайдовчи: – Гуруҳ бўлиб ҳаракатланишга олдиндаги машиналар мажбур қилди. Биз қоидани бузмасдан ҳайдаётган эдик. Тўй эгалари «обгон” қилгандан кейин бошқалар ҳам уларга эргашди.

Бугунги кунда тўйлар дабдабасиз ўтказилиши учун кураш олиб борилаётган бир пайтда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи бу каби қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар мўмайгина пул эвазига «Ўзим хон, кўламкам майдон” қабилида иш тутмоқда.

Нодир Ҳакимов – Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими: – Қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 129-моддасига асосан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди.

Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бизга берган маълумотларига кўра, вилоят ҳудудига 2018 йилда жами 184 та тўй кортежлари билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланган ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

Изоҳ билдириш