51421

Чиққан қиз чиғириқдан ташқари

Жамият 4 март 16:00 701

Бўйи етиб, бегона хонадонга келин бўлиб тушган қиз ўша оиланинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланади. Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, деб шунга айтишса керак-да. Ўз навбатида, у борган хонадондаги қизпошшалар ҳам келин бўлиб кетишгач, ўз уйига фақат меҳмон бўлиб келишади. Аммо одамзоднинг табиати ҳаёт қонуниятлари билан доим ҳам чиқишавермас экан. Қиз бола туғилиб ўсган ота уйидан буткул кўнгил узолмас экан. Энг ёмони, «уйига эга чиққан бегонанинг боласи»га хонадонга кириш ҳуқуқини бериб қўймаслик учун ҳар мақомдан фойдаланар экан.
…Хонамга қимтинибгина кириб келган ёш келинчакни ўтиришга таклиф қилдим. Аввалига гапни нимадан бошлашни билмай ўтирган жувон ҳол-аҳвол сўраганимдан сўнг йиғлаб юборса бўладими.
— Опажон, ўзингиз бирор ёрдам беринг. Қийналиб кетдим, — дейди кўз ёш қилиб.
Уни юпатиб, муаммо нимадалигини бир бошидан тушунтиришини сўрадим. Бироздан кейин секин гап бошлади.
Нигорахон (исмини ошкор қилмадик) чекка қишлоқда, оддий-содда оилада ўсиб-улғайган. Синфдошига турмушга чиқибди. Эри ҳам ўзидек оддий меҳнаткаш, қўли калтароқ оиланинг фарзанди. Тўй ўтадию, шундоғам қийинчиликда яшаб келаётган оиланинг супрасида уни, қозонида ёғининг таги кўриниб қолади. Энг ёмони, куёв кетмон чопишдан, келин супур-сидирдан бошқа ҳунарни билмайди. Бир куни Нигора қайнотаси ва қайнонасининг гапини беихтиёр эшитиб, ёзғириб қолди.
«Фалончининг келини ўқитувчи экан, — дейди қайнота. — Туғиш таътилига чиқиб, фалон миллион пул олибди. Сенинг ўғлинг ҳам, келининг ҳам бизнинг пенсиямизни еб ётишни билади, холос…»
Ўшанда ўн беш кунлик келинчак илк бор ичидан зил кетади. Ўқишга киришга ҳаракат қилмагани етмаганидек, лоақал бирор ҳунарнинг бошидан тутмаганига афсусланади. Турмуш, оила деганлари оддий ҳавас эмас, балки катта масъулият, адо этилиши зарур бўлган залворли вазифа эканини тушуниб етади. Шунинг таъсиридами, бир-икки танишига қўшилиб хорижга кетмоқчи бўлиб юрган эрига бу гал розилик билдиради. «Майли, бориб ишланг. Қарзлардан тезроқ қутулайлик», дейди. Ҳали чилласининг ярмида куёв келинчакни ташлаб, олис юртга ишлагани кетади.
Нигора дардини ичига ютади. Елиб-югуриб қайнона-қайнотасининг хизматини қилади. Ҳамма ёқни чиннидек саранжом-саришта тутишга, келган-кетганга хушмуомалалик билан муносабатда бўлишга, қисқаси, яхши келин бўлишга бел боғлайди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас, кутилмаганда қайнопаси қўлида боласи, ёнида бир олам кўч-кўрони билан келиб қолди.
— Она, куёвингиз ҳам ишлагани кетди. Келгунича, шу ерда турамиз. У ёқда овсиним билан битта уйда яшолмайман, — дейди қайнопаси.
Орадан кўп ўтмай, қайнопаю қайнона икки ёқдан келинга тинмай иш буюришдан, камига ҳар қадамидан айб топишдан чарчамайди. Шундоғам эрининг узоқдалигидан эзилиб юрган янги келинчакка бу синовлар оғирлик қила бошлайди. Қўлини совуқ сувга урмайдиган қайнопасининг дийдиёлари малол келади.
Кўргиликларига кўниб-кўнмай юрган Нигорахон бир куни соғлиғида ўзгариш сезади. Қишлоқ врачлик пунктида ҳамшира бўлиб ишлайдиган дугонасига дардини айтса, у  текширувдан ўтиши кераклигини маслаҳат солади. Нигора шифокор ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқади. Фарзанд кутаётгани ҳақидаги хушхабарни қайнонасига айтиб, суюнчи олиш илинжида уйига ошиқади. Бироқ дарвозани очиши билан қайнонаси:
— Бор ошхонага. Опангнинг қўлидан чўмични ол. Сал ўтиб келганингда олдингга овқатингни қўярди, маза қилиб ердинг, — дея заҳарханда қилади.
…Кунлар шу тақлид ўтаверади. Меҳр — кўзда деганларидек, келин-куёвни боғлаб турган меҳр риштасига, илиқ муносабатларга дарз кета бошлайди. Икки-уч ой ўтиб, салом-аликдан сўнг ҳатто айтишга бир арзигулик сўз топа олишмасди. Боз устига, энди куёвнинг кунда-кунора қўнғироқ қилишлари ораси узаяди. Бориб-бориб куёв онаси билан гаплашиб қўя қоладиган одат чиқаради. Ёш эр-хотиннинг бир-биридан совиб кетаётганидан хавотирланган Нигоранинг онаси, қудаларига маслаҳат солиб, куёвни чақириб, шу ердан иш топишини илтимос қилади.
Бу гапни эшитган қайнотанинг фиғони фалакка чиқади:
— Ана, сиз топиб бера қолинг маоши катта ишни. Кейин мен ўғлимни чақираман.
Қўлида на дипломи, на ҳунари бўлган одамга қаерда ҳам юқори маошли иш топилсин. Бу орада бошқоронғилик давридан азият чекаётган Нигора «эпсиз, уқувсиз келин»га айланади. Онаси яна қизининг ҳолидан хавотирга тушиб, бир куни қудаси кўнглига қўл солмоқчи бўлади: «Қуда, келинингиз камқон экан».
Бу гапни эшитган қайнонанинг ғаши келади: «Мақсади­нгиз қизинингизни олиб кетиш, шекилли. Ана, бемалол олиб кетаверинг. Бунақа ландавур келиннинг бизга кераги йўқ».
Қайнона шундай деб, жанжал-тўполон билан келинини қувиб солади.
…Шундай қилиб, Нигора ота уйида қиз фарзанд кўрди. Унинг суратини эрига жўнатди. Ўзига жуда ўхшайдиган қизалоғини кўриб суюнган ота уйига ошиқди.  Лекин ота-онаси бир йил ҳам ёлчитиб ишламасдан тайёр ишни ташлаб келган ўғилнинг раъйига тиш-тирноғи билан қарши чиқишди. Онаси: «Хотининг хизматимизни қилгани йўқ», деса, отаси: «Агар ўшанингни десанг, уйдан йўқол», дея шарт қўяди. Опаси ҳам келинининг устидан мағзава ағдаришдан тўхтамайди.
Нигора гапини шу еригача гапира олди, холос.
— …Қайнона-қайнотам эримга фарзандимизни кўришга ҳам рухсат бермаяпти, — дея йиғлаб юборди келинчак.
«Оила» маркази ходимлари маҳалла фаоллари билан масалани атрофлича ўрганишга киришдилар. Келинчак жон-жаҳди билан интилаётган хонадоннинг маънавий-ахлоқий муҳитини ўрганиш жараёнида мутахассислар вазиятнинг бу қадар чигаллашиб кетишига қайнопанинг уйга келиб ўтириши асосий сабаб бўлган, деган хулосага келишди.
Дастлаб, қайнопа келин бўлиб тушган маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашиб, икки-уч ой давомида режали асосда иш олиб борилди. Оила аъзоларининг дунёқарашига таъсир кўрсатиш мақсадида, улар маҳаллада имом-хатиб ва психолог иштирокида ташкил этилган давра суҳбатига чақирилди. Ушбу суҳбат жараёнида оиладаги низоларга сабаб бўлган одамнинг хатти-ҳаракати ҳеч қандай баҳона билан оқланмаслиги, бу иш катта гуноҳ саналиши ҳақида аждодларимиз ўгитлари ва диний таълимотлардан мисоллар келтирилди.
Бу орада қайнопанинг чет элда мардикорликда юрган турмуш ўртоғи билан  психологлар ёрдамида боғланиб, турмуш ўртоғи уйида бўлиши лозимлиги, аёлининг ота уйида ўтириб, фарзанд тарбиялаши йигит киши учун номус саналиши ҳақида мулойимлик билан маслаҳатлар берилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, яна оилага кириб бордик. Қайн­опа ўз уйига қайтишга рози бўлди. Оиланинг иқтисодий ҳолати ҳисобга олиниб ҳамда оила ярашмай туриб куёв яна хорижга кетиб қолишининг олдини олиш мақсадида у туман марказида иш бошлаган қурилиш бригадасига ишга жойлаб қўйилди.
Шундай қилиб, қайнонани, қайнотани муросага келтириш, уларга тушунтириш ишлари олиб бориш учун қарийб тўрт ой сарфланди.
Ниҳоят, бу уринишлар самарасиз кетмади. Нигора тўрт ойлик чақалоғи билан эрининг ёнига қайтди. Ота боласини бағрига босиб, энтикди. Бобоси ва бувиси ҳам набирани илк бор қўлларига олишди. Эҳтимол, ўша онда ўзларининг шу кунгача қилган қилиқларидан уялишгандир.

Шарофат БОБОЕВА,
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм  вилоят бошқармаси бош мутахассиси

 

Изоҳ билдириш