51412

Севган қизини тунаган йигит қўлга тушди

Жамият 4 март 13:44 557

 

Акмал Хуррамов (исм-шарифлар ўзгартирилди) вужудида ёшлик куч-қуввати уфуриб турган, тоғни урса талқон қиладиган бўз йигит. Унинг ёшида ҳар қандай ҳунарни эгаллашга киришилса, сидқидилдан меҳнат қилинса, натижага эришилмасдан қолмаслиги аниқ. Бироқ Акмалнинг хаёлини тенгқурларининг олифтанамо кийимлари ва сўнгги русумдаги уяли телефон аппаратлари банд этган эди. Бундай қимматбаҳо буюмларни харид қилиш учун шунга яраша меҳнат қилиш кераклигини англаб турса-да, у пул топишнинг енгил йўлларини излади.

Кунларнинг бирида пойтахтимиз марказидаги йирик савдо мажмуаларидан бирини айланиб юраркан, дабдурустдан тўхтади. Бир зум шу ҳолатда тургач, «Пайнет» шохобчаси томон юра бошлади. Унинг эътиборини бу ерда мижозларга хизмат кўрсатаётган қиз ўзига тортганди. Телефон рақами ҳисобига пул ташлаш зарур бўлмаса-да, Акмал учун қиз билан танишиб олиш муҳим эди.

Шошилмасдан рақамларини айтаркан, унга диққат билан разм солганча асосий мақсад учун чора излади. Қизларнинг кўнглига йўл топишда синовдан ўтган усулларни қўллаган шоввоз бироздан сўнг шохобча бурчагига суянганча қизга қизиқ бир латифа айтиб берарди.

Гап орасида қистириб ўтилаётган хушомадлар иш берди. Қизнинг исми Наргиза эканлигини билиш билан бирга, телефон рақамини олишга муваффақ бўлган Акмал яна бир ичакузди ҳангомадан сўнг хайрлашди.

Режанинг биринчи қисми муваффақиятли ўтганди.

Орадан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтди. Бу орада улар бир неча марта истироҳат боғларида учрашишга ҳам улгуришди. Ана шундай суҳбатларда Акмал қизнинг ҳар кунлик нақд пул тушумини кечки пайт ўзи билан уйи­га олиб кетиши ва эрталаб иш берувчига топширишини билиб олди.

Шундан сўнг маҳалладош тенгқурлари – Собир ва Абдумалик билан жиноий режа тузди. Келишувга кўра, Акмал кечки пайт қизни уйига кузатиб қўйиш баҳонасида уни ҳамтовоқлари кутиб турган йўлдан олиб ўтиши керак эди.

Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек амалга ошди. Акмал тинмай гапирар, кўзи эса қизнинг қўлидаги сумкачада қанча пул борлигини чамалаб борарди. Келишилган жойда йўлни кесиб ўтишаётганда, ортдан келган жиноий шериклар Наргизанинг қўлидаги «ўлжа»ни юлиб олишди-ю, югурганча кўчани кесиб ўтиб кўздан йўқолишди.

– Тўхта, ярамас, – дея бақирганча Акмал уларни таъқиб қилди.

Орадан 15 дақиқалар чамаси вақт ўтгач, ҳаллослаганча қайтиб келаётган Акмал Наргизанинг ёнида бегона эркакка кўзи тушиб бироз тараддудланиб қолди. Қиз йиғламсираган кўйи бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қилаётганди. Уларнинг ёнига етиб келгач, Акмал бу Наргизанинг иш берувчиси эканлигини фаҳмлади.

Мурод ака нохуш хабарни эшитиши билан ички ишлар органига қўнғироқ қилган, шекилли, кўп ўтмай воқеа жойига қонун ҳимоячилари етиб келишди.

Дарҳол ишга киришган тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида жиноят «иссиқ изида» фош этилди.

«Хавфсиз шаҳар» концепциясига асосан пойтахтимизнинг ҳар бир кўчасида кузатув камералари ўрнатилгани жараёнда ҳал қилувчи вазифани бажариб берди. Наргизанинг кўзидан пана бўлгунича югуриб борган ҳамтовоқлар тўхтаб бироз суҳбатлашиб туришгани, шундан сўнг Акмал ясама ҳансираш билан ортга қайтиб кетгани «тилсиз гувоҳ»лар хотирасига муҳрланган эди.

Ҳасан ҲАИТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман

суди раиси

Изоҳ билдириш