51394

Сергелидаги яширин итлар жанги тўхтатилди

Жамият 4 март 11:06 527

Сўнгги вақтларда республика ва Тошкент шаҳри ҳудудида ҳайвонлар жанглари ҳақида турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Facebook’даги «ГУВД: диалог с населением (Ташкент)» гуруҳида Карина Мирзаева номли фойдаланувчи Сергели тумани ҳудудида итлар жанги ташкил қилинганини кескин норозилик билан хабар қилган эди. ИИББ ушбу хабар юзасидан дарҳол чоралар кўрди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилган.

Воқеа жойига етиб келган туман ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари итлар жангини дарҳол тўхтатди. Ушбу тадбирни «кўргазма» сифатида ташкил қилган «Ўзбек бўрибосари» (узбекский волкодав) жамияти раҳбарига нисбатан маъмурий чора (жарима) қўлланилди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, «кўргазма» ниқоби остида уюштирилаётган ҳайвонлар жангларига нисбатан бефарқ қолмади. Ушбу ҳолатларнинг олдини олишга нисбатан барча чоралар кўрилмоқда.

Ундан ташқари, ИИББ ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан жазо чорасини кучайтириш таклифи билан чиқмоқда.

Ушбу борада ўзга мамлакатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди. Масалан, Россияда 2018 йилнинг 27 декабрида «Ҳайвонларга нисбатан муносабатларда жавобгарлик тўғрисидаги» қонун қабул қилинган эди. Унда нафақат ҳайвонлар жанглари уюштириш ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, балки шу мазмундаги материалларни тарқатиш ҳам тақиқланган.

АҚШ қонунчилигида ҳам итлар жанглари тақиқланган ва уларнинг ташкилотчиларига нисбатан қаттиқ жазо чоралари белгиланган. Буюк Британияда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш 51 ҳафтагача қамоқ жазоси ва 20 минг фунт жарима билан жазоланади.

Қозоғистонда эса итлар жанглари фақат селекция мақсадларида ва фақат биринчи қон чиққунига қадар ўтказилиши таъкидланган.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонлар жангларини тақиқловчи қонун йўқ, лекин ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги қонун бор. Унга кўра айбдор ЭКИҲнинг 0,5—2 миқдорида жазоланиши мумкин. Тажрибадан кўриниб турибдики, ушбу чоралар шафқатсиз инсонларни тўхтатиб қола олмайди.

 

Изоҳ билдириш