51361

Бирови «шохида», бирови «баргида»…

Жамият 2 март 13:34 377

Бировнинг ҳужжатини сохталаштирган Рустам бошлаган машмашаси илдиз отиб, фирибгарлик «занжири»га уланиб кетишини ўйлаганмикан?!

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди  томонидан ўтказилган  очиқ суд мажлисида Илҳомжон Холиқов ва Рустам Зиядуллаевнинг жиноят иши   кўрилди.

Илҳомжон Холиков 1970 йилда туғилган, маълумоти олий, оилали, 3 нафар фарзанди бор. Якка тартибдаги тадбиркор. Муқаддам судланган, суд ажримига асосан ўталмай қолган жазо  амнистия асосида қисқартирилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

Рустам Зиядуллаев 1978 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, оилали, 4 нафар фарзанди бор, ишсиз. Унинг ҳам биринчи марта жиноятга қўл уриши эмас экан.  Суд ҳукмига асосан унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейинроқ суд ажримига асосан ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Сўнг ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

Хўш, аввалги қилмишларидан ўзларига хулоса чиқариб олмаган бу икковлон яна қандай ишкал чиқарди дерсиз?

Тўрт йилча аввал Рустамни Тошкент шаҳрида машина уриб кетганди. Чап оёғидан қаттиқ жароҳат олган экан. Шундан бери таёққа суяниб қолди. Шифокорлар Россия Федерациясига бориб, оёғини даволатиши мумкинлигини маслаҳат беришди. Бироқ пул тополмаганлиги боис унинг бу орзуси анча пайтгача амалга ошмади.

2016 йил ёз ойида савдо дўконидаги рангли нусха кўчириш ускунасида Жумаев Жаҳонгир Қаҳрамановичнинг фуқаролик паспорти нусхаси ва яна бир шахс номида бўлган ер участкаси ҳужжатининг нусхасини кўриб қолди. Шунда унинг кўнглига бир шум ният ўрмалади. Ер участкасининг ҳужжатини Ж.Жумаевнинг номига тайёрлаб, бирор қаровсиз ер участкаси топиб, сотса, пулига Россияга бориб, даволаниб келармиди? Манави лаънати таёқдан ҳам қутулармиди?

Рустам киноларда кўрганидай усталик билан сохта ҳужжат тайёрлашга киришди. Ж.Жумаевнинг паспорти нусхасидаги фотосурат ўрнига ўзиникини жойлаштирди. Нусха кўчириш ускунаси орқали бирпасда ер участкаси ҳам Ж.Жумаевнинг номига «ўтди».

Ўша пайтларда Шаҳрисабз­даги бунёдкорлик ишлари жараёнида бир қатор уйлар бузилиб, янгилари қурилаётган эди. Рустам шундай уйлар қад ростлаётган Лойиҳа кўчасини зимдан айланди. Ўзича эгасиз ер участкасини қидирди. Икки ойлик изланишларидан сўнг бир қаровсиз ер участкасини топди.

Ўша йилнинг сентябрь ойи­да таниши Илҳомжон Холиқовни кўриб қолди. Унга Россияда даволаниши учун ер участкасини сотиши кераклигини айтди. И.Холиқов эса унга «Ҳундай» русумли автомашинасини таклиф қилди. Пулини бемалол ер сотилганидан кейин бериши мумкинлигини, қолган пул ўзига қолаверишини айтди. Икковлашиб машинани 20 миллион сўмга баҳолашди.

— Майли, участкангниям ўзим сотиб бераман, ука, — деди Илҳомжон ғамхўрлик билан.

Икковлон йўлга тушишди. Рустам Илҳомжонга ўзи мўлжаллаб қўйган қаровсиз ер участкасини  кўрсатиб, унга ўзи тайёрлаган ҳужжат нусхасини берди. Ҳужжатнинг асл нусхасини пулни олганидан сўнг беришини айтди.

— Ие, сен Жумаев Жаҳонгирмисан? — деди Илҳом ҳужжатларга қараб туриб. — Отинг Рустам эди, шекилли?!

— Иккита исмим бор менинг, — деди Рустам кўзларини олиб қочиб. — Асл исм-фамилиям Жумаев Жаҳонгир…

Орадан 10 кунлар ўтганидан сўнг Рустам Илҳомжонга қўнғироқ қилди. Илҳомжон ерни ҳали сотолмаганини айт­ди.

— Пул зарил эди-да, — деди Рустам каловланиб.

И.Холиқов унга 500 АҚШ доллари берди.

Рустам сентябрда ер участ­касидан хабар олиш учун борганида, у ерда усталар ишлаётганини кўриб, капалаги учиб кетди. Усталардан сўраганида, улар ер участкасини эгасидан сотиб олишганини айтишди. Маълум бўлишича, Саиджон Пўлатов ер участкасини И.Холиқовдан 4 600 АҚШ долларига сотиб олган экан. Рустам ўзи «шохида» бўлса, Илҳомжон «баргида» юрганини англаб, бошини чангаллаб қолди. Ўғрини қароқчи урди, деганлари шу экан-да…

Рустам С.Пўлатовга участка ўзига тегишли эканини айтди. С.Пўлатов эса унга Илҳомжондан олган Жаҳонгир Жумаевга тегишли қалбаки ҳужжатлар нусхасини, паспорт нусхаси ортига ёзилган тилхатни кўрсатди.

— Мен ерни Илҳомжон деган одамдан олганман, — деди Саиджон. — Жаҳонгир жияним бўлади, ўзи Тошкентда, ерни сотишни менга тайинланган эди, деди…

Рустам эса унга ҳужжатнинг ўзида қолган «асл» рангли нусхасини кўрсатди. С.Пўлатов Илҳомжоннинг уйига борди.

— Ўзи нима гап? — дея ундан изоҳ талаб қилди. — Буёғи «проблема» бўлаяпти-ку…

Уни бир амаллаб тинчитган Илҳомжон Рустам билан муроса қилишга уриниб кўрди.

— Ўша одамингиз менга ернинг пулини тўлиқ берса, қурилишини давом эттиришига рухсат бераман, — деди Рустам чўрт кесиб.

— Ерни Саиджонга ҳужжат қилиб беравер, — деди Ил­ҳомжон. — Машинамни бера олмайман. Пулини қилиб бераман…

Хуллас, учовлоннинг савдоси пишмади. Саиджон муаммо бунча кўпаяётган бўлса, ерни олмаслигини айтди. Рус­там эса бошқа харидор топиб, ерни 3 500 долларга пуллаб юборди. Ер участкаси ҳужжатининг қалбакилаштирилган нусхасини йиртиб ташлади. И.Холиқовга 500 АҚШ долларини қайтариб берди. 2017 йил июль ойида савдо дўконидаги нусха кўчириш ускунаси ва бошқа нарсаларини сотиб, оёғини даволатиш учун Россияга кетди. Ўша йилнинг декабрь ойида қайтиб келди. Қинғир ишнинг қийиғи чиқмасдан қолмас экан. Тез орада ер можароси яна кўтарилди…

Илҳомжон ҳам С.Пўлатовга 2016 йилнинг ноябрь ойида    3 500 АҚШ долларини қайтариб бериб, қолган 1 100 долларини бермасдан, алдаб келган экан.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди ҳукмига кўра, Илҳомжон Холиқовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил, Рустам Зиядуллаевга эса тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил иш ҳақинининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жабрланувчи С.Пўлатовга етказилган 4 миллион сўмдан ошиқроқ зарар қоплангани қайд қилинди. Судланувчи И.Холиқовнинг ҳисобидан жабр­ланувчининг фойдасига  4 миллион 840 минг 800 сўм ундириладиган бўлди.

Ҳа, фирибгар шерикларнинг бирови «шохида», бирови «баргида» эди.  Аммо улар бир кун келиб шох қарсиллаб синишини, баргларни шамол учиришини хаёлга ҳам келтирмаган эканлар…

 

Изоҳ билдириш