51352

Интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланганларга тегишли тартибда жазо тайинланди

Жамият 2 март 13:04 341

Андижон шаҳри Майдонбозор маҳалласида яшовчи Н.Воҳидов эндигина 27 ёшни қаршилаган. У ёш бўлса ҳам шаҳридаги корхоналардан бирида бўлим бошлиғи вазифасида ишлайди. Унинг юриш-туришига кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бироқ…

Бироқ у интернетда – Тelegram мессенжерида “Билло Воҳидов” профилини очиб, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган махсус номланган маърузани “Doʻstlarim” номи билан ташкил этилган виртуал гуруҳ аъзоларига тарқатган. Бу ҳаракати билан юртимиздаги кўплаб ёшларнинг онгини заҳарлашга уринган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Андижон тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Ж.Қобилов эса қирқ ёшни қоралаган, уч фарзанднинг отаси. У ҳам ўзининг уяли телефони ҳамда компьютер орқали “оdnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида ўзига нотаниш профиль эгаларидан бири билан дўстлашади. Таниши ёмон иш эмас, лекин нотаниш профиль эгаси томонидан юборилган жиҳод ва шаҳидликка даъват қилувчи, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео маърузаларини тинглаб, уларни “Дўстлар” гуруҳидаги шахсларга тарқатган.

Андижон шаҳар Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари Адҳамжон Мирзаев раислигида бўлиб ўтган сайёр судда юқоридаги шахсларнинг жиноий иши кўриб чиқилиб, уларга нисбатан тегишли жазо белгиланди.

Суд ҳукмига кўра, уларнинг ҳар иккаласига беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Лекин суд инсонпарварлик тамойилларини, уларнинг ўз қилмишларидан пушаймонлигини инобатга олиб ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини, ота-оналари кафиллиги билан жазони шартли деб белгилади, уларга 3 йил синов муддати берилди.

 

Изоҳ билдириш