51211

ЎзЛиДеП партияси аъзоси миллатчилик жанжалини келтириб чиқарди

Ўзбекистон 27 февраль 13:51 1 321

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифасида чоп этган 78-уйни бузиш ҳақидаги хабари ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчилари ва ЎзЛиДеП партияси аъзосининг жанжали билан якунланди деб ёзади «Nuz.uz».

Жанжал бошланишига ЎзЛиДеП партияси аъзоси, Санкт-Петербург давлат фуқаро авиацияси университети талабаси Исмоил Баҳодиров сабаб бўлган. У шаҳар ҳокимлиги ташаббусини қўллаб-қувватламоқчи бўлган, бироқ барча изоҳ ёзган фойдаланувчиларни Россияга ҳайдаб, ҳақоратли сўзлар айтиб, миллатчилик қилган. Ҳатто пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновни эслаб, уни коррупционер деб атаган.

Ўзини ҳақоратланган деб ҳисоблаган Максим Черников ва Светлана Лисиская ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. Шунингдек, Раҳмонбек Усмоновнинг изоҳлари ёзилган скриншотларни Facebook’даги «TЧСЖ и как с ним жить» гуруҳида чоп этган.

ИИББнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, бу вазиятда ушбу кодекснинг «Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» ҳақидаги 42-моддаси ҳам қўлланилиши мумкин. Унга кўра, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Раҳмонбек Усмоновга қарши ЖКнинг 112-моддаси «Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш» қўлланилган бўлиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

ИИББ жабрланувчиларнинг аризасини қабул қилинган. Эртаси куни эса ЎзЛиДеП партиясидан бўлган Нуриддин Зайниддинов яқинда мажлис ўтказилгани, Исмоил Баҳодиров партиядан четлаштирилгани ҳақида маълум қилган.

Санк-Петербургда истиқомат қилаётган Исмоил Баҳодировнинг ўзи эса тушунтириш хати ёзиб, унда ўз айбига иқрор экани, бўлиб ўтган воқеадан пушаймон эканини айтиб, барчадан узр сўраган.

«Бироқ зиддият ҳуқуқ-тартибот идоралари доирасида кўтарилган. Иш судгача бориши мумкин»,— дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш