51069

1 мартдан шаҳар телефон қўнғироқларининг нархи қимматлашади

Технология 13 февраль 14:28 645

«Ўзбектелеком» АК 1 мартдан телекоммуникация универсал хизматлари тарифлари ўзгариши ҳақида маълум қилади.

Киритилган ўзгаришларга мувофиқ шаҳар ва қишлоқ телефон тармоғи абонентлари асосий телефон аппаратидан фойдаланганлиги учун абонент тўлови миқдори оширилди. Шаҳар аҳолиси учун абонент тўлови – 5 800 сўм, қишлоқ телефон тармоғида – 2 600 сўмни ташкил қилади.

Шу қаторда, телефон алоқаси хизмати учун абонент тўлови ва вақтбай тўлов тизими учун ҳисоб-китоб тизими соддалаштирилди ва кечки вақт ҳамда дам олиш (шанба, якшанба, байрам) кунлари маҳаллий ва шаҳарлараро телефон тармоқларига амалга ошириладиган қўнғироқлар учун пасайтирилган коэффициентлар бекор қилинди.

Бундан ташқари, хонадонлар телефони ва меҳмонхоналарда истиқомат қилувчи фуқаролар учун ўрнатилган телефонлардан кредитга тақдим этиладиган сўзлашувларда ҳар бир сўзлашув учун устама миқдоридаги тўлов ҳақи бекор қилинди.

Бошқа универсал хизматлар тарифлари олдинги ҳолида сақланган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 10 сентабрдан тўққиз хонали рақамлаш тизимига ўтиш ва «шаҳарлараро телефон алоқаси» хизматларини соддалаштириш муносабати билан маҳаллий ва шаҳарлараро алоқа хизматлари учун масофага боғлиқ бўлмаган ҳолда ўрнатилган лимитда ойига 180 дақиқадан ортиқ сўзлашувнинг ҳар бир тўлиқ ёки нотўлиқ дақиқаси учун 12 сўм миқдорида ягона тариф белгиланган.

Илгари «шаҳарлараро телефон алоқаси» учун тарифлар масофага боғлиқ ҳолда сўзлашувнинг ҳар бир тўлиқ ёки нотўлиқ дақиқаси учун 40-90 сўм оралиғидаги нарх билан белгиланган.

Изоҳ билдириш