50930

ОЙПАРАСТЛИК ОДАТМИ ЁКИ ДАРД? Шифокор фикри…

Тиббиёт 31 январь 8:56 523

Баъзи болалар ярим тунда уйғониб, худди уйғоқ одамдек юради, буюмларни қўлига олади, ташқарига чиқади. Бу пайт унга савол берсангиз, маъносиз бўлса ҳам, жавоб оласиз. Тонгда эса ҳеч нарсани эслолмайди. Хатто тунда ўзини тутишини сўзлаб берсангиз, сизга ишонмаслиги турган гап.

Уйқу бузилишининг бир тури
Ойпарастлик “сомнабулизм” деб ҳам аталади. Бу уйқу бузилишининг бир тури бўлиб, энурезга чалинган болалар тунги безовталикларга мойил бўладилар.
Ойпарастлик ҳуружи бир неча дақиқадан соатгача давом этиши мумкин. Бола уйқу ичида юради, гапиради, кийинади, у-бу нарса тановвул қилади, эшикларни очиб-ёпади, бир хил ҳаракатларни кўп такрорлайди. Кўпчилик болалар ҳуруж вақти ўзини агрессив тутади, бақириши, йиғлаши мумкин. У атрофдагиларга назар ташламайди, саволга жавоб қайтаргиси келмайди.

Ойпарастликка олиб келувчи омиллар:
— Уйқу меъёрининг бузилиши;
— Организмда кечаётган бирорта касаллик (эпилепсия, мигрен, бош жароҳатлари), юқори ҳарорат, дориларнинг ножўя таъсири;
— Стресс;
— Қовуқнинг тўлалиги ёки гиперактивлиги;
— Қўрқув.
Ойпарастлик кўпинча наслий бўлади. Тунги уйқуда ўзи билмаган ҳолда ҳаракатланувчи ёки ёшлигида буни бошдан кечирган ота-оналарнинг 60 фоизида болалари ҳам бу одатни мерос қилиб олган бўладилар.
Мазкур ҳолат рухий босим ва асаб бузилишлари сабабидан вужудга келади. Унга чалинган боланинг уйқу фазалари аста-секин эмас, тезкор равишда алмашинади, натижада мия зўриқиб, уйқу бузилади. Миядаги ҳаракатланиш маркази блок ҳолатига тушиб, сигналлар етиб келишдан тўхтайди. Олимлар ойпарастликка ерда электромагнит майдоннинг ўзгариши боғлиқлик касб этиши, шу сабаб тўлин ой чиққан пайт инсонларда тунги уйқудаги ҳаракатлар авж олиши ҳақидаги фаразларини берганлар.

Эҳтиёткорлик муҳим!
Ойпарастликнинг ўзи касаллик эмас, балки асабий-руҳий бузилишдир. Аммо ҳаракатларини ирода қилолмаётган одам тунда кўчага чиқиш, зиналардан тушиш, буюмларга тўқнаш келиш ва ойналарни очишда эхтиётсизлик қилиб катта шикаст орттириш эхтимоли юқори. Шу сабаб ота-она болани албатта невропатолог ва психологга кўрсатиши, даволангунга қадар тунда хушёр бўлиши, назоратни тўхтатмаслиги керак. Ойпарастликнинг давоси оддий ва тез хал бўладигандир. Ёшлигида уни бошидан кечирган болаларнинг атиги бир фоизигина катта бўлганида ҳам одатини тарк этмас экан.
Кичик ва катта ёшлиларда ойпарастлик антидепрессант ва седатив воситалар билан даволанилади. Аломатлари кучли бўлмаса, кун тартиби ва уйқу меъёрини мувофиқлаштириш билан муаммони ҳал этишга уриниб кўрилади. Ҳуруж тез-тез такрорланса, ЭЭГ текшируви талаб этилади.
Ойпараст болани ҳуруж вақти уйғотиш оқланмайди. Бу уни асабийлаштириши мумкин. Қўлидан ушлаб, аста жойига олиб боринг. Тўшакка ётишга унданг ва пичирлаб ҳаммаси жойидалигини айтинг. Овозингизни баландлатманг, бола қўрқиб кетиши мумкин. Чунки у уйғоқ эмас, барини тушдагидек бажаряпти. Агар у қўрқинчили туш кўраётган бўлса, сиздан чўчиб тушиши мумкин. Шунинг учун барча ҳаракатларни охиста бажаринг. Боланинг бу одати ўтиб кетмагунча хонасидан турли хавф туғдирувчи предметларни йўқотинг, умуман олганда, ётоқхонада буюмлар қанча кам бўлса, шунча яхши. Икки қаватли краватдан воз кечинг, ойналарни очиқ қолдирманг.

Уйқуда ҳам гигиена борми?
“Уйқу гигиенаси” деган тушунча мавжуд. Бу ҳар куни ухлаш ва уйғониш учун бир вақтни танлаш, унга риоя этишдир. Дам олиш кунлари ва таътил вақтлари мана шу тартиб бузилса, бола тўлақонли ухлолмайди ва натижада ойпарастлик келиб чиқиши мумкин.
Уйқуга кетиш олдидан душ қабул қилиш, китоб ўқиш, мусиқа тинглаш яхши ором олишни таъминлайди.
Бола қоронғу хонада, чироқни ўчириб, зарурат туғилса фақат тунги чироқдан фойдаланиб ухлаши, соат миллари эшитиларли даражада чиқиллаши лозим.
Ётоқхона ҳарорати мўтадиллигига аҳамият беринг, жуда иссиқ ёки совуқ бўлмасин. Ухлаш олдидан хонани шамоллатиш, тоза ҳавони таъминлаш даркор.
Овқатланиш масаласига эътибор қаратинг. Ўта семиз болаларнинг уйқуси кўп бузилади. Кечки пайт болага ширинликлар, газли ичимликлар, таркибида кофеин мавжуд егуликлар берманг.
Кунни бола фаолликда ўтказсин. Табиат қўйнида сайр, велосипед ҳайдаш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш фойдали. Лекин болани ўта эмоционал воқеалардан асранг. Меҳмонга борган, саёҳатга чиққан куни ҳар доимгидан кўп ўйнаса, янги дўстлар орттирса, ҳиссиётга берилгани ҳисобига тунда безовта бўлади. Ота-онасидан жазо олган куни ҳам ойпарастлик ҳуруж қилади.
Болага ухлашдан аввал телевизор кўришига рухсат берманг. Шу билан бирга, кечки овқатдан сўнг кўп сув ичмасин, ётишдан олдин ҳожатхонага боришини назорат қилинг. Қовуқ тўлалиги ҳам тинч ухлашга қўймайди.
Ойпараст болаларга кундузи ухлаш тавсия этилмайди.

ФАКТ:
3-4 ёшдан бошлаб 14 ёшгача бўлган болаларнинг 30 фоизида ойпарастлик кузатилади.

БИЛАСИЗМИ?
Ойпарастлик ҳуружи ухлагандан бир-бир ярим соат ўтиб бошланади ва одатда 20 дақиқа давом этади.

Арипова Венера Ходжакбаровна, Олий тоифали невролог

Изоҳ билдириш