50827

Ўзбекистонда ишламаётган ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотларнинг каналлари​ ташкил этилади

Технология 29 январь 8:21 444

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш тўғрисида вазифалар белгилаб берилган, деб хабар берди Кун.уз

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳуқуқий интернет портали, турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими ташкил этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, интернетдаги ижтимоий тармоқларда (Facebook, Telegram, Twitter, Youtube, Mytube.uz ва ҳ.к.) давлат органлари ва ташкилотларнинг каналларини ташкил қилиш ва ушбу каналларда веб-технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда соҳа фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғибот материалларини жойлаб бориш вазифаси белгилаб берилган.

Ижтимоий тармоқлардаги каналларда эълон қилиш учун материалларни тайёрлаш, жойлаштириш ва қайта алоқани таъминлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши керак.

Аммо Ўзбекистонда 5 ойдан буён давлат раҳбари фармонида таъкидланган ижтимоий тармоқларнинг айримлари, хусусан Facebook ва Youtube видеопортали фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. Амалда тармоққа уланиш имконияти умуман йўқолмаган. Ўзбекистонлик фойдаланувчилар фақат VPN иловалари орқали ижтимоий тармоққа уланиш имкониятини топмоқда.

Kun.uz Адлия вазирлиги ва тегишли ташкилотлардан Ўзбекистонда ишламай турган интернетдаги ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий тарғибот ишлари қандай ташкил этилиши бўйича изоҳини сўради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ишламай қолган Facebook ижтимоий тармоғи раҳбарияти билан алоқа ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мамлакат ташқи сиёсий маҳкамасига мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. ​

Изоҳ билдириш