50794

Психотроп воситаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши фош этилди

Ўзбекистон 28 январь 14:31 619

Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашилади.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг  2015 йил  12 ноябрда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати тасдиқланган.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиши учун психотроп моддаларни даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқилишига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берилади.

Айрим фуқаролар ушбу меъёрий хужжатларда белгиланган талабларга риоя қилмасдан, божхона назоратидан яширинча психотроп моддаларни республика худудига олиб келишга уринишмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан йўловчи поездида мамлакатимизга кириб келган фуқаро Т. Ж. нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз жами 1425 дона “Феназепам” психотроп моддалари борлиги аниқланди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш