50461

2019 йилда ўзбекистонликларни нималар кутяпти?

Ўзбекистон 4 январь 9:22 894

«Ҳуқуқий ахборот» канали 2019 йил 1 январдан бошлаб қонунчиликда рўй берадиган айрим ўзгаришлар ҳақида эслатиб ўтди.

Солиқ

Шубҳасиз, 2019 йил 1 январдан кучга кирадиган энг муҳим янгиликлардан бири бу солиқ соҳасидаги ислоҳотлардир.

Илгари амал қилган тартиб бўйича солиқ махсус шкала бўйича ҳисоблаб чиқилар эди. Бунда маош энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлса 7,5 фоиз, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5 фоиз, ундан юқори миқдорда ойлик олса, 22,5 фоиз солиқ ушланар, бу солиқлар миқдорининг ўзи ҳам ўсиб борувчи шкала бўйича кишини чалкаштириб юборадиган даражада мураккаблашиб кетарди. Қўшимчасига, иш ҳақидан давлатдан ташқари пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундирилар эди.

Эндиликда эса жисмоний шахснинг даромадларидан 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади. Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

Юридик шахслар — 12 фоиз (илгари 14 фоиз);

тижорат банклари — 20 фоиз (илгари 22 фоиз).

Divideндлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка (илгари 10 фоиз) бўйича солиқ солинади. Яъни ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Бундан кўзланган мақсад тадбиркорларни бўш турган маблағларни омонатларга қўйишга рағбатлантириш, мамлакатда фонд бозорини ривожлантиришдир.

Балиқчилик кластерлари йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалардан озод этилади.

Низоларни ҳал этиш

2019 йил 1 январдан «Медиация тўғрисида»ги Қонун кучга киради.

Қонунга мувофиқ, келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.

Қонуннинг мақсади ҳам Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Norma ижодкорлиги

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ иттифоқнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади. Собиқ иттифоқ даврида қабул қилинган, ҳозирда амалда бўлиб турган 171 та ҳужжат ўрнига замонавий талабларга мос келувчи 56 та янги қонун ҳужжати қабул қилинади.

Жазони ижро этиш

Жазони ижро этиш муассасаларида, тўлиқ ижтимоий мослаштириш мақсадида маҳкумларни тизимли ўрганиш ва уларнинг онгини ўзгартиришга қаратилган тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилади.

Бунинг учун, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги тизимида Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Маҳкумларга шахсий ҳужжатларни тиклаш ва паспорт олишда ёрдам кўрсатилади, уларнинг пенсия суғуртаси, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингунга қадар амалга ошириш бўйича талаблар ҳам кучга киради.

Соғлиқни сақлаш

2019 йил 1 январдан бошлаб аллергик касалликларни эрта аниқлаш учун 18 ёшга тўлмаган ва хавф остида бўлган болаларни текшириш бўйича бир марталик умумдавлат акциясига старт берилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ихтисослаштирилган аллергологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, унинг сифатини яхшилаш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.

Изоҳ билдириш