5036

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби осонлаштирилди

Иқтисод 27 апрель 10:43 360

Марказий банк Бошқарувининг қарори билан «Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, 100 ЭКИҲ миқдоридаги микрокредитлар қуйидагилар учун берилади:

– мевали дарахтлар ва узум кўчатларини сотиб олиш, балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун – 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача (илгари — мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун – 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача);

чорвачилик, йилқичилик, туячилик, асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш ва етиштириш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача  (илгари — қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача);

– уруғликлар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача (илгари — уруғликлар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача);

– лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш, унаби ва грек ёнғоғи етиштириш учун – 3 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача (илгари — назарда тутилмаган).

Norma.uz эксперти шарҳида айтилишича, эндиликда микрокредитлар балиқчилик, йилқичилик, туячиликни ривожлантириш, шунингдек лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш, унаби ва грек ёнғоғи етиштириш учун ҳам берилади.

Илгари паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун микрокредит 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача берилган бўлса, эндиликда паррандачиликни ривожлантириш учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача, асаларичиликни ривожлантириш учун эса 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача берилади.

Ҳужжат 2017 йил 24 апрелдан кучга кирди.

Изоҳ билдириш