4932

Ўзбекистонда ўрта таълим қандай ўзгаришларга учрайди?

Ўзбекистон 26 апрель 14:35 702

Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкентдаги Миллий матбуот марказида  «Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида хабар берилди.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг «Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган 4-йўналиши бўйича халқ таълими тизимида амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Вазирлик умумий ўрта таълим тизимига жорий қилинаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди. Ушбу янгиликлар Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифалардан келиб чиққан ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 140-сонли ҳамда  2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорлари билан тасдиқланган.

Мажбурий таълим учун 18 та умумий таълим фанлари бўйича давлат стандартлари («9+3» схемаси бўйича) энди таълимнинг узлуксиз бўлишини кўзда тутади.

I-IV синф ўқувчиларида ахборот технологиялари бўйича бошланғич билимлар ҳосил бўлиши учун математика дарси дастурига дастурлаш асослари киритилади.

«Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани «Информатика ва ахборот технологиялари» деб қайта номланади. «Меҳнат таълими» энди «Технологиялар» деб номланади ва кенгайтирилган йўналишларни ўз ичига олади.

Болаларда кичик ёшдан мантиқий фикрлашни ривожлантириш мақсадида «Жисмоний тарбия» фани бўйича стандарт шахмат ўйнашни ўргатишни кўзда тутувчи меъёр билан тўлдирилди.

Такомиллаштирилган стандартлар 2017—2021 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилинади.

Изоҳ билдириш