48608

Шавкат Мирзиёев беқиёс етакчи сифатида нафақат минтақада, балки бутун дунёда катта обрў-эътибор қозонди

Тошкентда ташки этилган АҚШ бизнес ҳафталиги, унинг доирасидаги тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳафталикка Америка оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон иқтисодиётига сармоялар йўналтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ниятида. “The Nation” журнали шу ҳақда сўз юритар экан, хусусан, Америка капитали миқдорини 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилганига эътибор қаратади.

Юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, айниқса, бизнес юритиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларнинг бартараф этилиши расмий Вашингтон томонидан тўла қўллаб-қувватланаётир. “Ушбу ўзгаришлар бизда катта қизиқиш уйғотяпти. Биз ислоҳотлар жараёнида иштирок этишдан мамнунмиз”, дея нашр Америка ишбилармон доираларининг фикрини келтиради.

“Washington Technology” журналида қайд этилганидек, 2018 йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий ташриф буюриб, Президент Дональд Трамп билан учрашди. Америка раҳбарияти Ўзбекистон етакчисининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, ички ва ташқи сиёсатдаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди. Жумладан, “Boeing”, “General Electric”, “Honeywell”, “Caterpillar” каби дунё саноати гигантлари ўзбек иқтисодиётига кириб кемоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг жадал дипломатик мулоқотлари натижасида АҚШ тез суръатда республиканинг йирик инвесторига айланиб бораётир.

Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишда асосий ўрин тутади, дейди “The Jamestown Foundation” таҳлилий маркази экспертлари. Зеро, афғон можаросининг барча томонлари — расмий Кобул, “Толибон” ҳаракатининг тинчлик йўлидаги музокараларида расмий Тошкент муҳим кўприк вазифасини ўтаяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни давлатда қатор йирик лойиҳаларни амалга оширди, хусусан, темир йўл тармоғини бунёд этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев беқиёс етакчи сифатида нафақат минтақада, балки бутун дунёда катта обрў-эътибор қозонди. Қисқа муддат ичида у АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон каби давлатларга ташриф буюриб, барчани ташаббускорлиги билан ҳайратда қолдирди. Натижада Ўзбекистонни бугун Вашингтон ҳам, Пекин ҳам, Париж ҳам, Нью-Деҳли ҳам тўла қўллаб-қувватламоқда. Хитойда 20, Францияда беш, АҚШда 4,8 миллиард долларлик шартномалар имзолаб, республика улкан имкониятлар эшигини очди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Изоҳ билдириш