4830

Ўзбекистон Республикаси Президенти янги қарорга имзо чекди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни «2017—2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ва унинг шарҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйга хизмат кўрсатилмокда.

«Шу билан бирга, ушбу тармоқда олиб борилаётган ишлар таҳлили хусусий уй-жой мулкдорларининг кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш борасидаги фаолиятида ҳал этилмаган қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда», — дейилган қарорнинг расмий шарҳида.

Қайд этишларича, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида комплекс ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизми шаклланмаган. Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш борасида таъсирчан назорат ўрнатилмаган, кўп ҳолларда ундан техник фойдаланиш ва аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш борасидаги меъёр ва талаблар бузилишига йўл қўйилмокда. Кўп хонадонли уйларда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказишнинг қоида ва муддатларига риоя этилмаяпти, бу эса аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Президентнинг янги қарори эса кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган муддатларда олиб бориш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжатда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутади:

Қарорга мувофиқ, 2017—2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури тасдиқланди. Ушбу Дастурда кўп хонадонли уй-жой фондининг умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларини капитал ва жорий таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан 1,8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур дастурни амалга оширишда «Ўзсаноатқурилишбанк» уй-жой коммунал соҳасига қарашли ташкилотларни молиялаштиришни таъминлайдиган ваколатли банк этиб белгиланди. Дастурни амалга ошириш доирасида тижорат банкларига «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхонаси ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Шунингдек, мазкур қарорда Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматларини кўрсатадиган «Ягона ҳисоб-китоб маркази» ва шаҳар ҳамда туманларда унинг филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.

Қарор билан шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:

Қарорнинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:

биринчидан, бу қарор кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини ва ундан мақсадга мувофиқ ҳолда фойдаланишни тубдан яхшилаш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида ўтказиш;

иккинчидан, аҳолининг ривожланган инфратузилмага эга бўлган кўп хонадонли уй-жой фондида яшаши учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш;

учинчидан, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлайди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш