461

БМТ Трампнинг иммиграция тўғрисидаги янги фармонини танқид қилди

Дунё 7 март 5:40 241

БМТнинг қочоқлар ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди АҚШ президенти Дональд Трампнинг қочоқларни кўчириш борасидаги янги фармонидан хавотирда, деб ёзади «Корреспондент.net» ташкилот матбуот хизматига таяниб.

«Қочоқлар — урушлар ва таъқиблардан қочишга мажбур бўлган оддий одамлар. Улар ҳимояга ва ёрдамга ғоятда муҳтож», — деди Гранди.

Унинг сўзларига кўра, Трампнинг янги қарори, у ҳатто вақтинчалик бўлса ҳам, ўзи тааллуқли бўлган кишиларнинг азобларини фақат кучайтиради.

Гранди таъкидлашича, АҚШ бошқа мамлакатлардаги қочоқларга ёрдам бериш ва хавфсизлик қидириб келганларни қабул қилиш орқали доим бошқалар учун намуна бўлиб келган. Бугунги кунда, қочоқлар оқими рекорд даражага етган бир пайтда, бундай инсонпарварлик намунаси ҳар доимгидан ҳам кўпроқ зарур, дея қайд этди БМТ комиссари.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп иммиграция тўғрисидаги янги фармонни имзолади. Ҳужжат Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман фуқароларига АҚШ ҳудудига кириш бўйича такроран 90 кунлик чекловни жорий этади.

Изоҳ билдириш