4597

Ўзбекистон Республикаси президентининг янги қарори

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурини тасдиқлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, айрим минтақаларни, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашнинг бир қанча ечилмаган муаммолари ҳамон сақланиб қолмоқда.

Аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши, янги турар жой массивлари барпо этилиши, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тобора кенгайиши энергия ва ресурларни тежайдиган замонавий технологияларни фаол жорий этиш асосида сув олиш иншоотларини, сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш ва илдам ривожлантиришга йўналтирилган кафолатланган сув таъминоти тизимини тубдан яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилишини тақозо этмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Мазкур вазиятни ўзгартириш мақсадида қабул қилинган дастур доирасида 10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677 та сув чиқариш қудуғи, 1744 та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, 20 та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик ҳамда республика ҳудудларида 36 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қарорда «Тоза ичимлик суви» жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, унинг маблағлари мамлакатда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилишга, республика аҳолиси, айниқса, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади.

Дастурни 2017-2021 йилларда молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.

Ушбу қарорнинг амалга оширилиши натижасида шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимлари тубдан яхшиланади ҳамда аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олиш республика миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказилади.

Изоҳ билдириш