45461

Фермер ва деҳқон хўжаликлари учун имтиёзлар янада кенгайди (+ВИДЕО)

Ўзбекистон 8 август 10:37 828

Фермер ва деҳқон хўжаликлари учун имтиёзлар янада кенгайди (+ВИДЕО)
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ташкил этди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Тадбирда сўз олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кўп тармоқли фермер хўжаликларининг янада эркин ва самарали фаолият юритишларига кенг замин яратишини айтди. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари – ягона ер солиғи тўловчилари рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб беш йил муддатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромадлари бўйича барча солиқлардан (акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар тўловчилар бундан мустасно) озод этилганлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, эндиликда кўп тармоқли фаолиятни амалга оширувчи фермер хўжаликлари учун давлат мулкини ижарага беришда ижара ҳақи ставкаси 2 марта камайтирилган ҳолда белгиланади. Эътиборлиси, ушбу бандга мувофиқ берилаётган имтиёзлар ҳисобидан солиқ ва тўловлардан озод этилган маблағлар фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини ошириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларини ўзлаштириш ва шу каби бошқа мақсадларга йўналтирилади.

Тадбирда O‘zLiDeP ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларнинг эркин самарали фаолият юритишлари учун барча шароитларни яратиш борасида ҳам алоҳида вазифалар белгилаб олинди. Бу эса партиянинг электорати бўлган тадбиркор, фермерлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида тегишли қонунчилик нормаларининг қоғозда эмас, балки амалда сўзсиз исботини топишига хизмат қилади.

Қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган тадбирда қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партия томонидан фермерлар билан муаммоли масалаларни, бизнес-ғояларни ҳамда лойиҳаларни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган ғовларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда шунингдек, Кенгаш ва партия томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг Реестирини юритиш тартиби тўғрисида Низом” бўйича қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилгани таъкидланди.

Шунингдек, Президентимизнинг шу йил 2 июндаги тегишли қарорига асосан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилаётгани қайд этилди. Мазкур қарорга мувофиқ, 20 та фермер хўжалигига 1 та бухгалтер ишга олиниши ва улар томонидан фермер хўжаликларининг молиявий ҳужжатлари юритилиши таъкидланди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга ташкилотчилар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Изоҳ билдириш