4276

Видеоселекторда маҳаллийлаштириш ва экспорт масалалари муҳокамаси, компаниялар огоҳлантирилди

Ўзбекистон 20 апрель 11:16 324

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017-йил 19-апрел куни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш, шунингдек, экспорт прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ва экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда тайёр маҳсулотлар турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш доирасида қиймати 5,5 миллиард доллардан ортиқ 2,8 мингдан кўпроқ маҳаллийлаштириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилгани, илгари хориждан олиб келинган 4,8 мингдан зийод янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани таъкидланди. Натижада кейинги беш йилда импорт ҳажми 752 миллион долларга, жумладан, 2016-йилда 286 миллион долларга камайди.

Бироқ импорт ўрнини босадиган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилаётганига қарамасдан, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари импорт ҳажмининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймоқда. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти учун ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши мумкин бўлган валюта маблағларидан самарасиз фойдаланишга олиб келмоқда.

«Ўзбекенерго», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбекенгилсаноат», «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятлари, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, «Ўзпахтасаноатекспорт» холдинг компанияси, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, «Ўзбекчармпоябзали» уюшмаси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни корхоналарида 2016-йилда импорт ҳажми сезиларли равишда ошган. Қатор компаниялар ва хўжалик бирлашмалари, жумладан, «Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбекенгилсаноат», «Ўзбекенерго», «Ўзқурилишматериаллари» ва «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятлари, «Ўзелтехсаноат» акциядорлик компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган маҳсулотларнинг хориждан олиб келинишига йўл қўйган. Шу билан бирга, айрим корхоналар томонидан хориждан уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган маҳсулотлар ҳам сотиб олинган.

Қайд этилган компаниялар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари импорт ҳажми, айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, хомашё ва материалларни хориждан олиб келиш ҳажмининг ўсиши, шунингдек, асоссиз импорт учун валюта ресурсларини жалб қилгани учун уларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилиши, ҳатто, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига импортни мақбуллаштириш ва қисқартириш, шунингдек, улар назорат қиладиган ташкилот ҳамда корхоналарнинг валюта маблағларидан самарали фойдаланиши бўйича шахсан жавоб бериши тўғрисидаги масала юкланди.

Йиғилиш давомида Давлат божхона қўмитасига импорт қилувчи корхоналар фаолиятининг импорт тури ва номенклатурасига мувофиқлиги устидан доимий қатъий назорат ўрнатиш ва фаолиятига хос бўлмаган товарлар олиб кирилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли тезкор чоралар кўриш учун Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарларига ҳар ой ҳисобот бериши топширилди. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ускуна ва технологиялар учун импорт шартномаларининг нархлари, тендер ҳужжатлари, шунингдек, «фойдаланишга тайёр» шартлари асосида тузиладиган инвестиция лойиҳаларининг асослилигини танқидий таҳлил қилиш топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарлари А.Султонов ва А.Шукуровга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун керакциз бўлган товарлар божхона омборларида узоқ муддат сақланаётгани кўрсатиб ўтилди. Давлат божхона қўмитасига Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентаризатсиядан ўтказиш ва улардан кейинчалик фойдаланиш, шунингдек, божхона омборлари тизимини мақбуллаштириш ва тартибга солиш, улар учун халқаро стандартлар даражасида ягона техник талаблар белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш топширилди.

Рақобатбардош ва импорт ўрнини босадиган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалалари йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни раҳбари М.Дўстмуродов, «Ўзелтехсаноат» акциядорлик компанияси раҳбари Ф.Боқиев, “Ўзагротехсаноатхолдинг” холдинг компанияси раиси Н.Отажонов, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси раиси О.Рустамов ва «Ўзмонтажмахсусқурилиш” акциядорлик компанияси раҳбари А.Шодиев маҳаллийлаштириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишни таъминламаётгани учун қаттиқ танқид қилинди.

Иқтисодиёт вазирлигига маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни янада рағбатлантириш мақсадида Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришда ёндашувларни танқидий қайта кўриб чиқиш ва 2018-йилдан Дастурга мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришни ўзлаштириш таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхати асосида янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини киритиш ҳақида огоҳлантирувчи механизмни жорий этиш топширилди.

Йиғилиш иштирокчилари эътибори аксарият корхоналар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада шартномаларни номигагина тузаётганига қаратилди. Жумладан, «Ўзавтосаноат»,»Ўзмонтажмахсусқурилиш”, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компаниялари, Автомобил йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзагросаноатхолдинг» холдинг компанияси корхоналари 2016-йилда тузилган шартномалар бўйича маҳсулотларни тўлиқ харид қилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари раҳбарлари, ахборот-таҳлил департаментлари мудирлари, вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялар, уюшмалар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарлари Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада 2017-йил учун тузилган шартномалар ўз вақтида, тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавоб бериши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 6-апрелдаги 4891-фармойиши билан ташкил этилган Импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича комиссия раҳбари М.Нурмуротовга Комиссия зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ, тармоқлар томонидан импортни камайтириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлик чоралари бўйича қарорлари лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар ойда киритиш топширилди.

Шу билан бирга, Комиссия зиммасига 2017-йил 1-июлга қадар божхона тўловлари бўйича қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзларни тўлиқ инвентаризатсиядан ўтказиш ва уларни қисқартириш ҳамда мақбуллаштиришга доир таклифлар киритиш вазифаси юклатилди. Вазирлар Маҳкамасига 2017-йилнинг 1-майидан божхона тўловлари бўйича янги имтиёзларни тақдим этиш бўйича таклифларни фақат Комиссия билан келишган ҳолда кўриб чиқиш амалиётини жорий қилиш топширилди.

Йиғилишда товарлар, ишлар ва хизматларнинг экспорт ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда қўшимча экспорт учун фойдаланилмаган захираларни жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

2017-йилнинг биринчи чорагида экспорт ҳажми 2016-йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ошганига қарамасдан, турли тармоқлар ва ҳудудлардаги қатор корхоналар экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларни тўлиқ бажармагани таъкидланди. Хусусан,»Ўзагротехмаш», “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни корхоналари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги ҳудудий корхоналар томонидан прогноз кўрсаткичларни бажаришда оқсоқликка йўл қўйилган. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган қатор туманлар, жумладан, Олтинкўл (Каримов), Булоқбоши (Махсудов), Қўрғонтепа (Эргашев), Хўжаобод (Исмоилов), Бухоро (Эсонов), Вобкент (Жаводов), Бахмал (Сафаров), Сариосиё (Жўраев), Сирдарё (Назаров) ва Қува (Раҳмонов) туманларида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш прогнозлари бажарилмаган.

Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун “Ўзагротехсаноатхолдинг” (Отажонов), “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг (Рустамов) компаниялари, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти (Зарипов), «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни (Дўстмуротов) раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари фаолияти танқид қилинди.

2017-йилнинг биринчи чорагида мева-сабзавот маҳсулотларини белгиланган ҳажмда экспортга етказиб беришни таъминламаган туманлар ҳокимлари биринчи ярим йил якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларини бажармаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши ёки қолмаслиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминламаган тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларига ўн кун муддатда йўл қўйилган ортда қолишнинг ўрнини тўлдириш ва жорий йил биринчи ярми ва, умуман, 2017-йил якунлари бўйича тасдиқланган экспорт кўрсаткичларига чиқиш мақсадида ҳар бир корхона кесимида мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этишга доир аниқ чоралар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларини, жумладан, ушбу маҳсулотларни етиштиришга ихтисослашган 66 туманда экинларни ўз вақтида экиш, маҳсулотларни тайёрлаш, шартномалар тузиш ва жўнатиш орқали экспорт кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.

Йиғилишда жойларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг касблар бўйича билим ва меҳнат кўникмаларини шакллантириш, бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб иш шароити яратиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳаллий давлат органларига янги иш ўринлари ташкил этишга кўмаклашиш бўйича янгича тизим яратиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари сўзга чиқди. Кўрилган масалалар муҳокамаси якунлари бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турини мақбуллаштиришни таъминлаш, шунингдек, товарлар, ишлар ва хизматлар экспорти ҳажми ва турларини янада кўпайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳ билдириш