4255

Россия ва Ўзбекистон рус нефтини ташиш йўналишларини муҳокама қилади

Иқтисод 20 апрель 10:33 326

Россия ва Ўзбекистон федерация ҳудудидан нефть ташиш йўналишлари ҳамда ҳажмини муҳокама қилишни давом эттиради. Бу ҳақида Россия Энергетика вазирлиги матбуот хизматига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар берган.

«Ўзбекнефтгаз» ва Россия энергетика вазирлиги ўртасида англашув меморандуми Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи доирасида имзоланганди. Унга кўра томонлар турли соҳалар қатори Ўзбекистонга нефть етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилишга келишганди.

Меморандумнинг амалиётини мувофиқлаштириш учун уч томонлама ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Россия Федерацияси энергетика вазири ўринбосари Кирилл Молодцовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга Қозоғистон орқали нефть етказишнинг иккита эҳтимолий маршрути мавжуд. Унинг сўзларига қараганда, улар ҳозирда ўрганиб чиқилмоқда.

Тошкентда 13-14 апрель кунларида икки мамлакат вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган ва унда Ўзбекистонга нефть етказиб бериш соҳасидаги муносабатларнинг истиқболлари муҳокама этилганди.

Март ойида, Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга ташрифи доирасида «Ўзбекнефтгаз» ва «ҚазМунайГаз» компаниялари ўртасида нефтгаз соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганди. Унга кўра, «ҚазМунайГаз» Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилади.

Изоҳ билдириш