41900

Болаларни мактабнинг 1-синфига қабул қилиш учун талаб этиладиган ҳужжатларга аниқлик киритилди

Ўзбекистон 13 июнь 17:09 755

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир мактаб ёшидаги бола бепул мажбурий умумий ўрта таълим олиши Конституция билан кафолатланган бўлиб, Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилишини таъминлайди.

Умумтаълим муассасасига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.

Низомнинг 39-бандига мувофиқ мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

Ушбу Низомга кўра умумтаълим муассасаларининг I синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ (42-банд), тайёргарлик даражасидан қатъий назар, танловсиз қабул қилинади, мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно (44-банд).

Низомнинг 43-бандида болаларни умумтаълим муассасасининг I синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилиши белгиланган:

– ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
– ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
– боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
– боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
– боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.

Умумтаълим муассасаси раҳбари мазкур муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.

Ҳозирда амалда бўлган тартибга асосан, яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 43-бандида “Ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда)” деб аниқ белгилаб қўйилган.

Мактаб раҳбари умумтаълим муассасаларига болани ўқишга қабул қилиш учун фуқаролардан ҳужжат талаб қилишда юқорида келтирилган норматив- ҳуқуқий ҳужжатдаги нормаларга таянади. Директорнинг амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслиги эса унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллашга асос бўлиши мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳ билдириш