4159

Икки кунда олти ўзгариш: Тошкент туманлари ҳокимлари нега алмаштирилмоқда?

Ўзбекистон 19 апрель 14:40 1 579

Тошкент шаҳрида 11 туман бўлиб, сўнгги икки кун ичида уларнинг олтитасига янги ҳоким тайинланди. Янги ҳокимларнинг қарийб барчаси вазирлик ва республика миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбар кадрларидир.

Март ойи охирида Юнусобод тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимов истеъфога чиқарилган эди — Мирқосимов бу лавозимда олти ой ҳам ишламади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 апрель куни Чилонзор туманига амалга оширган ташрифидан сўнг, туманнинг бошқа масъуллари қаторида, ҳоким ҳам ишдан олинди. 18 апрель куни ҳар иккала туманнинг янги ҳокимлари номлари маълум бўлди: Давлат рақобат қўмитаси раҳбари Даврон Ҳидоятов Чилонзорга, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов эса Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланди. Ҳидоятов ҳам, Абдусаматов ҳам 11 апрель куни Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселекторда қаттиқ танқид қилинган ва шундан сўнг қўмиталар раҳбарлигидан кетган.

19 апрель куни Тошкентнинг тўртта туманига янги ҳоким тайинлангани маълум бўлди. Сергелига — Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов, Яшнободга — иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев, Миробод туманига — Тошкент механика заводи собиқ раиси Шуҳрат Пўлатов, Учтепа туманига — бир вақтлар Мирзо Улуғбек туманига раҳбарлик қилган Шавкатбек Эргашев ҳоким бўлди. Улардан аввалги ҳокимларнинг баъзилари кўп йиллардан бери (масалан, Сергели собиқ ҳокими Фурқат Мақсудхўжаев), баъзилари эса бир неча ойдан бери ҳокимлик қилаётган эди (Жавдатхон Иноғомов Учтепага атиги уч ярим ой ҳоким бўлди).

Туман ҳокимларининг оммавий алмаштирилиши сабаблари юзасидан ҳозирча расмий изоҳ берилгани йўқ. Ҳокимлар истеъфосида туманлар аҳолисидан Президент Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар асосий рол ўйнаган бўлиши мумкин. Хусусан, Президентнинг Чилонзорга ташрифи якунлари бўйича берилган расмий ахборотда тумандан Виртуал қабулхонага 16 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани, бироқ уларнинг «атиги 1,5 мингтаси» ижобий ҳал қилингани таъкидланган.

Кузатувчилар Давлат рақобат қўмитаси ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарларининг туман ҳокими этиб тайинланишини «қониқарсиз фаолият учун жазо» ва «ишончни оқлаш учун яна бир имконият» сифатида, шаҳар ҳокими ўринбосари ва иқтисодиёт вазири ўринбосарининг туман ҳокимлигига юборилишини эса хизмат пиллапоясидаги навбатдаги ўсиш йўлида ўзига хос имтиҳон трамплини деб таърифламоқда.

Алмашмаган беш ҳоким қолди — Шопўлат Асқаров (Бектемир тумани), Сарвар Маҳаметов (Яккасарой), Ойбек Миртемиров (Шайхонтоҳур), Баҳодир Ғоибназаров (Олмазор) ва Шерзод Кудбиев (Мирзо Улуғбек). Манбаларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Президенти яқин кунларда Тошкентнинг қатор туманларига ташриф буюради ва бу, Чилонзор сафари якунларидан хулоса қилинса, туман ҳокимларининг алмашинувига сабаб бўлиши мумкин.

Изоҳ билдириш