412

Она фарзандини сотса?! улар бу номга лойиқми?

Жамият 6 март 7:32 404

Мўътабар номга доғ тушириб, бугун фарзандини, эртага эса онасини, ҳаттоки Ватанини хам сотишдан тап тортмайдиган кимсалардан бири хақида customs.uz тезкор хабар берди

2017 йил 27 февраль. Соат тахминан 10-30. Шаҳрихон туманидаги Янги боғ ҳудуди. Икки аёл ниманидир савдолашяпти. Улардан бири тезкор тадбирга жалб қилинган ёлланма “харидор”.

– 20 миллион сўм бўлади, ундан бир тийин ҳам тушмайман!

– Синглим, менда унча пул йўқ. Ҳозирча, кариндош-уруғлардан бир амаллаб 9 миллионини йиғиб берай. Боланинг ҳужжатлари тайёр бўлгач, яна 9 миллион. сўм бераман.

– 18 миллион бўлса бўлақолсин! Майли, ҳозир 9 миллионини сананг!

Ҳа, бу аёллар бемалол гўёки бир матоҳни савдолашаётгандек, аслида эса бир фарзанднинг нархи устида тортишишаётган эди.

Сотувчи эса она! Булоқбошилик Гулчирой (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган). 24 ёшни қаршилаётган бу аёл ҳали туғилганига энди 2-3 кун бўлган чақалоқни эмас, балки 2015 йилда туғилган, ўзи оқ сут бериб катта қилаётган ширингина қизалоғи – Қоракўзни пуллаётган эди.

Харидор шахсини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжати бўлмаган бу қизалоқни кейинчалик қўшни давлатга олиб чиқиб, у ердаги қариндошларига беришларини, тегишли ҳужжатлар ҳам айнан ўша давлатда расмийлаштирилишини шу боис фарзандини умрбод кўролмаслигиини таъкидлаганида ҳам “онаизор” пинагини бузмаганига нима дейсиз?!

Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Гулчирой 9 млн. сўмни қуртдек санаб олаётган пайтида – жиноят устида қўлга олинди.

Айни пайтда жиноят қурбонига айланиб қолишдан сақлаб қолинган Қоракўз вилоят мехрибонлик уйига белгиланган тартибда топширилди ва керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Унинг онасига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатилди.

Шу ўринда савол туғилади? Бир хонадонда қизалоқ дунёга келса-ю, унга тегишли биронта ҳам ҳужжатлар бўлмаса? Маҳалла раиси, фаоллари ва профилактика инспектори наҳотки бундан бехабар бўлишса? Ахир, айнан улар ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим эмасми?

Ҳадемай, Қоракўз вояга етади, ақлини танийди. Аммо, ўшанда ўз жигаргўшасини сотмоқчи бўлган Гулчирой унинг кўзига қарай олармикан?

Ҳа, энди у бир умрлик виждон азоби билан яшашга маҳкум!

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, республикамиз ҳудудида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи давлат органларидан бири сифатида Давлат божхона қўмитаси зиммасига ҳам инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларни тайёрлаш ва содир этишга дахлдор шахсларни аниқлаш ҳамда топиш каби бир қатор вазифалар юклатилган.

Хусусан, юқоридаги қабиҳ жиноят одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида давлат божхона хизмати органлари томонидан олиб борилган доимий чора-тадбирлар самараси ўлароқ фош этилган.

Изоҳ билдириш