39680

Диана Еникеева ўлимида айбдор «КамАЗ» ҳайдовчисига суд ҳукми чиқарилди

Долзарб | Ўзбекистон 22 май 16:58 2 058

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман судининг 2018 йил 1 майдаги ҳукмига асосан судланувчи Элмуродов Акромжон Бозорович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу ҳақида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди хабар берди.

Судланувчи А.Элмуродовдан жабрланувчи А.Еникеев фойдасига 19.782.500 сўм моддий ҳамда 25.000.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи А.Элмуродов 2018 йил 14 март куни соат 11:30ларда, З.Исроиловга тегишли, техник жиҳатдан соз ҳолатдаги «Камаз 55111» русумли, давлат рақами 30 У 275 М бўлган автомашинани амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7, 77-бандлари, 2-иловаси, 1.2-банди талабларини қўпол равишда бузиб, Каттақўрғон тумани «Алижон» маҳалласи ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлининг «Бухоро-Самарқанд» йўналиши бўйича бошқариб бориши давомида ўзининг йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиқ ёнида бўлган Диана Александровна Еникеевани кўрганидан сўнг унга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўрмасдан, бошқарувидаги автомашинани хавф пайдо бўлган вақтдан тормозлаб тўхтатиш ёки хавфсиз айланиб ўтиш имкониятига эга бўлса-да, ушбу чораларни кўрмасдан Д.Еникеевани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этиши натижасида жабрланувчининг оғир тан жароҳатлари олиб вафот этишига сабабчи бўлган.

Суд ҳукмидан норози бўлиб, судланувчи А.Элмуродов ва унинг ҳимоячиси томонидан апелляция тартибида келтирган шикояти асосида жиноят иши 2018 йил 22 май куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида судланувчи ва унинг ҳимоячиси тайинланган жазони енгиллаштириб, уни қамоқдан озод қилишни ва моддий ҳамда маънавий зарар ҳажмини камайтиришни сўрашди, ўз навбатида прокурор ва жабрланувчи А.Еникеев суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.

Суд ҳайъати, тарафларнинг фикрларини тинглаб, шикоятдаги важларни жиноят иши материаллари асосида атрофлича ўрганиб чиқиб, судланувчи ва унинг ҳимоячисининг важлари суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўлаолмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Суд ҳукми 2018 йил 22 май куни қонуний кучга кирди.

Изоҳ билдириш