3866

Муаммоларга жойида ечим топилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган шикоят ва аризалар оқими камаймаётгани замирида нима ётибди?

Ангрен шаҳрида ташкиллаштирилган сайёр қабул жараёнини кузата туриб, бу айрим раҳбар ва мансабдор шахсларнинг оддий одамлар ташвиш ва муаммоларини дилдан ҳис этмагани, уларга беписанд муносабати оқибатидир, деган хулосага келинди.

Мисол учун, Оҳангарон туманининг Қорахитой қишлоғида яшовчи Мадина Атхамова 2014 йилда Нуробод энергетика касб-ҳунар коллежини битирган. Тузилган уч томонлама шартномага биноан у Янги Ангрен иссиқлик электр станциясига ишга қабул қилинди, лекин қувончи узоққа чўзилмади. Қисқартириш баҳонасида ишидан ажради. Шу боис ёш мутахассис Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат этди.

Сайёр қабулда кечган мулоқот чоғида корхона мутасаддилари ўз камчиликларига иқрор бўлди ҳамда шу куннинг ўзида Мадина ишга қайта қабул қилинди.

Тумандаги “Четсув” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Холбўтаевнинг мурожаатида кўпчиликнинг манфаати ўз ифодасини топган. Чекка ҳудуд ҳисобланган мазкур маҳаллада ва қўшни Тангатопди қишлоғида бир йўла саккизта кўприк яроқсиз аҳволга келиб қолган. Уларнинг бузилиши қишлоқ аҳолисига катта ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Ушбу масала ҳам жойида ечим топди. Кўприкларни таъмирлаш Тошкент вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бош-қармаси раҳбариятига топширилди ҳамда аниқ муддат белгиланди.

Умуман, айни пайтда пойтахт вилоятининг қатор шаҳар ва туманларида ўтказилаётган сайёр қабулларда кўплаб муаммолар амалий ечимини топмоқда.

Зангиота туманида ўтган очиқ мулоқотга Янгийўл туманида яшовчи фуқаролар ҳам таклиф қилинди.  Эътиборлиси, шу куни уларнинг  аксарият муаммолари жойида ҳал бўлди.

Янгийўл туманининг Навбаҳор маҳалласидан Нилуфар Сафоева тураржой биносининг юқори қаватига сув чиқмай қолганлиги сабабли бир ярим ой давомида турли ташкилотларга қатнайвериб, натижага эриша олмаганидан кейин қўни-қўшнилар билан биргаликда Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Масала шу куннинг ўзида носоз насоснинг алмаштирилиши билан ечим топди.

Ёки Бўстонлиқ туманидаги сайёр қабулда ҳозир бўлган фуқаро Улфат Нортожиев мурожаатида ҳам жиддий муаммо бор эди. У таниш-билишларнинг маслаҳати, шунингдек, оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга таяниб, ипотека кредити асосида уй сотиб олиш мақсадида тегишли тижорат банкига мурожаат қилди. Банк ходимлари уй-жой нархининг 25 фоизини бошланғич бадал сифатида нақд пул кўринишида тўлаши лозимлигини айтишди. Тирикчилигини ўтказишга асқатиб турган автомашинасини сотиб, белгиланган суммани банкка олиб борганида, банк ходимлари уй-жой олиш учун кредит линияси ёпилганлигини билдиришди. Фуқаронинг орзуси пучга айланди, икки ўртада мол-мулкидан ҳам ажралди. Ушбу масалани ҳал этиш ҳам  у қадар мураккаб кўчмади. Масала жойида ечим топди.

Қувонарлиси, бугунги кунда юртимизда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, фуқаролар томонидан ўртага ташланаётган муаммоларнинг қонун асосида жойида кўриб чиқилаётгани одамларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини оширмоқда.

Шу билан бирга, сайёр қабулларда иштирок этаётган ҳудудий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, мутасадди бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилмоқда. Ҳар бир мулоқот хулоса чиқариб олиш учун сабоқ вазифасини ўташи лозимлиги таъкидланаяпти.

Бу ўринда яна бир мулоҳаза: одамларни ўйлантираётган, турли оворагарчиликларига сабаб бўлаётган аксар ҳаётий масалалар жойида ўз ечимини топаётган экан, уларни энг юқори даражага олиб чиқиш шартмикан, деган савол туғилади. Бу ҳақида, албатта, мутасадди раҳбарлар жиддийроқ ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Пойтахт вилояти туманларидаги сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Худайбергенов, Тошкент вилояти ҳокими Ш. Бобоев иштирок этмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Изоҳ билдириш