380

“Uzbek Тigers” жамоасининг мухим ғалабаси

Спорт 6 март 5:39 396

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуаси бокс бўйича нуфузли турнир – Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ)нинг VII мавсуми баҳсларига мезбонлик қилди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Uzbek Тigers” жамоаси Россиянинг “Patriot boxing team” жамоаси билан куч синашди.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистонда спорт, жумладан, бокс жадал ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Бу спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларга эришаётганида, мамлакатимизда йирик халқаро спорт анжуманлари юқори савияда ташкил этилаётганида яққол намоён бўлаётир.

Ўзбекистон бокс федерацияси иқтидорли спортчиларни аниқлаб, уларнинг маҳоратини янада ошириш мақсадида мамлакатимизда турли мусобақалар ўтказмоқда. Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) билан ҳамкорликда Бутунжаҳон бокс серияси йўналиши бўйича ҳамда яримпрофессионал боксчилар (АРВ) йўналиши каби турнирлар ўтган йиллар давомида кўплаб ёш боксчиларни кашф этишга хизмат қилди.

“Uzbek Тigers” ва “Patriot boxing team” жамоалари ўртасидаги беллашувларда боксчиларимиз нималарга қодирлигини яна бир бор исботлади.

Беллашувларнинг 56 килограмм вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов ва Дмитрий Шарафутдинов, 64 килограммда Элнур Абдураимов ва Радмир Абдураҳмонов, 75 килограммда Исроил Мадримов ва Ражаб Ражабов, 91 Зуҳриддин Маҳкамов ва Ислом Текеев, 49 килограммда Ҳасанбой Дўсматов ва Батор Сагалуев ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Беш вазндаги жангларнинг барчаси кескин ва шиддатли тарзда ўтди. “Uzbek Тigers” жамоаси “Patriot boxing team” 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

– Бугун жамоамиз билан ғалабага эришганимиздан хурсандмиз, – дейди Ҳасанбой Дўсматов. – Россия боксчилари юқори савияда жанг олиб борди. Биз мураббийларимизнинг аниқ кўрсатмалари ва ғалабага бўлган интилишимиз туфайли муваффақият қозондик. Келгуси баҳсларда ҳам юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

“Uzbek Тigers” жамоаси 18 март куни Хитойнинг “China Dragons” жамоаси билан беллашади.

Изоҳ билдириш