3710

Ўзбекистонда яна бир вазирлик қайта ташкил этилади

Ўзбекистон 15 апрель 9:20 329

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига айлантирилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига айлантирилади.

«Ташқи савдо алоқаларининг самарадорлигини янада ошириш, ташқи савдони либераллаштириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хорижий шериклар ўртасида савдо соҳасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинсин», дейилган фармонда.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштирилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий характерга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо муносабатлари қисмида унинг мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, ҳалқаро мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Изоҳ билдириш