3210

Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ташкил этилади

Ўзбекистон 11 апрель 12:48 560

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда таъкидланишича, ички ишлар органлари қуйи бўғини фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида фармон билан туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Унинг зиммасига профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади.

Шу билан бирга, фармонда тизимда қатор ташкилий ўзгартишлар назарда тутилган. Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва диний экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётгани жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятни ички ишлар органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Ушбу ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ташкил этилмоқда.

Жиноятларни тергов қилиш ички ишлар органларининг яна бир муҳим вазифаларидан биридир. Шу муносабат билан, тергов органларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Тергов бош бошқармаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига ўзгартирилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, кадрлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими қониқарли даражада эмаслиги ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд камчилик ва муаммолар сабабларидан биридир.

Изоҳ билдириш