3204

Президент «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунни имзолади

Ўзбекистон 11 апрель 12:06 543

Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 мартда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йил 28 мартда маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун (pdf)ни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.

Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун:

судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиради;

судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ҳамда раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман,шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлайди;

судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьялари лавозимларига ўз аризаларига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига кўра қайтадан тайинлайди;

қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилади.

Изоҳ билдириш