27 январь куни Жалолобод вилояти Олабука туманидаги Ажек қишлоғи фуқароси давлат чегараси яқинида майда шохли мол боқаётиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган. Ўзбекистон Республикаси чегара вакили маълум қилишича, қирғизистонлик Ўзбекистон чегара наряди томонидан аниқланган ва қўлга олиш чоғида Ўзбекистон ҳудудидан Қирғизистон томонга қочишга уринган.

Қонунбузар огоҳлантирувчи чақириқларни ва талабларни эътиборсиз қолдиргани учун Ўзбекистон чегарачилари қурол қўллашга мажбур бўлган, қоронғи бўлгани туфайли эса чегара наряди унинг қайси мамлакат фуқароси эканлигини аниқлай олмаган.

Оқибатда Қирғизистон фуқароси чап оёқ сонидан яраланди. Қўлга олингач, у Наманган вилояти Чуст туман касалхонасига ётқизилди. Унинг саломатлиги айни пайтда қониқарли деб баҳоланмоқда.

Музокаралар якунларига кўра, текширув тугаллангач ва у соғайиб кетгач, Қирғизистон фуқаросини Қирғизистон томонига топшириш ҳақида қарор қабул қилинган. Бундан ташқари, томонларнинг ҳар бири ҳодиса юзасидан ўз текширувини ўтказади.