2432

МДҲ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Тошкентга келади

Жамият 5 апрель 10:34 300

2017 йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (МДҲ ТИВК) навбатдаги йиғилишига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Насиров мухбирлар олдида нутқ сўзлади ва у 7 апрель куни бўлиб ўтадиган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Арманистон Ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларус Ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев Ҳамдўстлик ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этишларини расман тасдиқлаганларини қайд этди.

Молдова, Озарбайжон ва Туркманистон мазкур учрашувда ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасида қатнашади.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши механизми МДҲ фаолиятида муҳим роль ўйнайди. У Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгаши қарорлари асосида иштирокчи давлатларни қизиқтирган масалалар бўйича ташқи сиёсий ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи асосий ижроия органи ҳисобланади.

МДҲнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишларига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади ва бир йилда икки маротаба ўтказилади. Жорий йилда Давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши октябрь ойида Москва шаҳрида, Ҳукумат раҳбарлари йиғилишлари эса май ойида Қозон шаҳрида ва ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтади.

МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг бўлажак йиғилиши кун тартибидан 16 та ҳужжат лойиҳаси жой олган бўлиб, улардан 10 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашига киритиш учун тасдиқланиши режалаштирилган.

Кўриб чиқилаётган ҳужжатлар лойиҳалари Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади.

Вазирларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек МДҲ иштирокчи давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашга оид долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишлари режалаштирилган.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши доирасида иштирокчи давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг икки томонлама учрашувларини ўтказиш кўзда тутилган.

Вазирлар учрашувининг ҳужжатларини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида 2017 йилнинг 6 апрель куни иштирокчи давлатлар ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакилларининг Келишув мажлиси бўлиб ўтади.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур тадбирларда 200 дан ортиқ меҳмонлар, шу жумладан расмий делегациялар аъзолари ва журналистлар иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Изоҳ билдириш