1905

Давлатимиз рахбари «Газпром» раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллерни қабул қилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасида нефт-газ соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражада ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Бугунги кунда дунйодаги етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган «Газпром» Ўзбекистонда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, табиий газни экспортга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда.

Россиянинг ушбу компанияси билан ҳамкорликда Устюртда ўтказилган кенг кўламли геология-қидирув тадқиқотлари натижасида «Жел» газ конденсати кони очилди. «Шахпахти» кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Ҳозиргача у ердан 3,5 миллиард куб метр газ қазиб олинган.

Бундан ташқари «Газпром» Ҳисор ҳудудида конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, қўшимча нефт газларини утилизатсия қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг тармоқдаги етакчи лойиҳа институти бўлган «ЎзЛИТИнефтгаз» фаолиятини ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга оширишда ҳам иштирок этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистонда нефт-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, 2017-2021-йилларда углеводород қазиб олишни кўпайтириш дастури доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

Мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди, Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Изоҳ билдириш