Россия қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида томонлар россиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан шакарни экспорт қилиш бўйича келишувга эришди. Россия томонининг ташаббуси республика президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланди ва у «етказиб бериш узоқ муддатли асосда амалга оширилади», деб ишонч билдирди. Бу ҳақда Kommersant нашри хабар тарқатди.

Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг веб-сайтидаги хабарга кўра, шартнома Россиянинг шакар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» давлат компанияси томонидан имзоланган.

«Россия ва Ўзбекистонни анъанавий дўстона муносабатларга боғлаб туради, мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик эса иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади», дея Ткачевнинг сўзларини келтиради Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, вазирликдан айтишларича яна иккита ҳужжат имзоланди: Россия Картошка уюшмаси, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва Қирғизистон Саноатчилар ҳамда тадбиркорлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама битим ҳамда Россия Картошка уюшмаси ва Ўзбекистоннинг Sanray Agro Plus ўртасида Ўзбекистон ҳудудида уруғлик картошкасини етиштириш бўйича уруғчилик марказини ташкил этиш бўйича қўшма фаолият тўғрисида битим.