17906

Unicef ва Ucell ҳамкорликдаги фаолият натижаларини сарҳисоб қилишди

Жамият 14 сентябрь 16:39 414

2017 йил 5 сентябрь куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва Ucell (“CОSCОМ” МЧЖ ҲК) Бош ижрочи директори жаноб Тону Грюнберг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда мамлакатнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактаблардаги сув таъминоти, санитария ва гигиена хизматларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорлик лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишларни сарҳисобқилдилар.

Хоразм вилояти Чалиш қишлоғидаги 46-ўрта мактабда санитария иншооти қуриб битказилган бўлиб, ҳозирда ундан 180 ўқувчи ва ўқитувчилар жамоаси фойдаланмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Кўкча қишлоғидаги 46-ўрта мактабда 250 ўқувчи ва мактаб атрофидаги ҳудудда истиқомат қилувчи 1000 кишидан иборат аҳолини сув билан таъминлаш учун 300 метр узунликдаги сув қувурлари ўтказилиши нишонланди.

“Сув, санитария ва гигиена одатий ва оддий масала бўлиб туюлиши мумкин, аммо бу узлуксиз таълимнинг муҳим қисмидир, чунки бу болаларнинг соғлом бўлишларига ва мактабда ўқишни ташлаб қўймасликларига ёрдам беради,” –  дейди Саша Грауманн. “Умумий аҳолисининг учдан бир қисми 18 ёшга тўлмаган ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун бу муҳим аҳамиятга эга, чунки 15 йилдан сўнг бугунги болалар мамлакат тарихидаги энг катта ишчи кучини ташкил этадилар.  Ҳукумат Ўзбекистоннинг келажакдаги тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлиги учун энг яхши сармоя, яъни болалар саломатлиги, таълими ва фаровонлигига сармоя киритаётгани қувонарлидир,” – деб сўзини якунлади Саша Грауманн.

Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидаги учта кичик мактабларда ҳам санитария иншоотларининг қурилиши якунланмоқда.

Ушбу фаолият орқали ЮНИСЕФ ташкилоти ва Ucell компанияси болалар диарея каби касалликлардан ҳимояланганлигини, ота-оналар ва ўқитувчилар эса қўлларни совун билан тўғри ювиш каби ҳаётни сақловчи кўникмларни уйда ва мактабда тарғиб этишларини таъминлаш йўлида мамлакат ҳукуматининг сайъ-ҳаракатларига кўмаклашадилар.

“Биз глобал фуқаролармиз ва қандай шароитларда ҳаёт кечираётганлигимизга ўзимизни масъул деб биламиз. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик қилишдан кўзлаган мақсадимиз сув таъминоти ва санитария хизматларининг барқарорлиги ҳамда гигиенани тарғиб этиш, бунинг натижасида вилоятлар ва кичик қишлоқлардаги болалар саломатлигининг яхшиланиши ва иқтисодий фаровонлик ошишига кўмаклашишдир,” – дейди Ucell компаниясининг Бош ижрочи директори Тону Грюнберг. “Шу билан бирга, ижтимоий ривожланишдаги муаммоларни ҳал этиш, Ўзбекистон болалари таълим олишлари учун янада яхшироқ шароитлар яратиш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун мобил алоқа технологияларидан фойдаланишни давом эттирамиз,” – деб таъкидлади жаноб Тону Грюнберг.

Грант тақдим этиш билан бирга, Ucell компанияси ўз мижозлари учун www.unicef.uz интернет саҳифасига бепул уланиш ҳамда 15 октябрь – Жаҳон қўл ювиш куни каби муҳим саналарда аҳамиятга молик бўлган масалалар бўйича хабардорликни ошириш мақсадида юборилган СМС хабарларни бепул етказиб бериш хизматларини ҳам тақдим этмоқда.

Изоҳ билдириш