17879

Тимур Ишметов қачон аҳолига долларни нақд кўринишда сотиш бошланишига ойдинлик киритди

Иқтисод 14 сентябрь 14:20 1 524

Ўзбекистонда бир неча ойдан сўнг аҳолига долларни нақд кўринишда сотиш бошланиши режалаштирилган, деб маълум қилди бугун бўлиб ўтган брифинг давомида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов.

Унинг сўзларига кўра, бу масала кун тартибида турибди ва бу борадаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.

«Аниқ муддат ҳозирча йўқ, лекин бу албатта бўлади. Бир неча ойдан кейин бўлади деб ўйлайман, бунинг аниқ муддати келгуси вазиятга боғлиқ. Биз барча ишларни бошлашдан олдин етти ўлчаб, бир кес тамойилига амал қилганмиз. Буларнинг бари иқтисодиётга таъсир кўрсатади ва шу боис биз алоҳида шахсга эмас, бутун иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатишидан келиб чиқиб иш кўрамиз», — деди Марказий банк вакили.

Ишметовнинг қайд этишича, валюта бозорини либераллаштириш бўйича фармон тайёрланишига бир йил кетган ва бўлажак ўзгаришлар борасида бутун иқтисодий блок якдил фикрга келганидан кейингина жараённи бошлашга қарор қилинган.

«Фармон биз тахмин қилганимиздан кўра анча эртароқ чиқди. Бироқ ҳозирда барчаси босқичма-босқич, ҳисоб-китобларга асосан бормоқда, тахминларимиз амалга ошмоқда, бу бизни қувонтиради ва келгуси ҳаракатларни тезроқ амалга оширишга асос бўлади», — таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 5 сентябрдан бошлаб резидент жисмоний шахслар алмаштириш пунктларида валютани чегараланмаган миқдорда сотиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Валюта сотиб олиш эса тижорат банкларининг конверсион бўлимларида халқаро тўлов карталарига тушириш орқали амалга оширилади.

Изоҳ билдириш