17428

Стивен Сигал Asian Fight 2017 турнирида иштирок этмади

Спорт 11 сентябрь 11:36 490
Фото: Gazeta.uz

Тошкентга Asian Fight 2017 шоуси фахрий меҳмони сифатида таклиф қилинган таниқли киноактёр ва жанг санъатлари устаси Стивен Сигал тадбирда кўриниш бермади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Жанг санъатлари устаси турнир бошланишидан бир кун аввал — 8 сентябрда Тошкентга келган эди. Жума куни Стивен Сигал O‘zbegim Миллий қадриятлар фестивалида иштирок этиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ошдан татиб кўрди. У Давлат маданият ва санъат институти ҳамда BABOS от спорти клубига ташриф буюрди.

Asian Fight 2017 турнири доирасида Стивен Сигал ёш спортчилар ва актёрлар учун мастер-класс ўтиб бериши режалаштирилган эди, бироқ актёр Ўзбекистон терма жамоаси жангчилари ва жаҳон термаси вакиллари ўртасидаги беллашувлар ўтказилган «Бунёдкор» стадионига келмади.

Кўплаб томошабинлар турнирнинг 1,5 соат кечикиб бошлангани, сув етишмаслиги, айрим жангчиларнинг таништирилмагани, баҳслар қандай тартибда ва кимга қарши ўтказилиши маълум қилинмаганидан норозилигини билдирди. Қайд этиш жоизки, муайтай бўйича кўп карра жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Анвар Бойназаров ҳам мусобақада иштирок этмади.

Дастлаб турнирнинг фахрий меҳмони сифатида актёр Жан-Клод Ван Дамм ва аралаш жанглар устаси Жефф Монсон таклиф қилинган эди. Бироқ 6 сентябрь куни улар билан тузилган шартнома бекор қилингани хабар берилди.

Изоҳ билдириш