16673

Бабаян: «Биз ЖЧга чиқишни истаймиз ва ҳаммамиз учун имкониятлар яратиб берган мамлакат олдидаги қарзимизни узишимиз керак»

Спорт 31 август 10:43 661

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон учрашуви олдидан 30 август куни матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Сервер Жепаров иштирок этди.

“Ҳаммани – мураббий ва футболчиларни муҳим ўйин кутиб турибди. Биз ЖЧга чиқиш орзуcига эришишни истаймиз ва ҳаммамиз учун имкониятлар яратиб берган мамлакат олдидаги қарзимизни узишимиз керак. Айни вақтда Ўзбекистонда спорт, айниқса, ёшлар спортига катта эътибор қаратилмоқда.

Бевосита эртанги ўйинга тўхталадиган бўлсам, биз кучли рақибга қарши ўйнаймиз. Айни вақтда Хитой футболида катта ўсишни кўриш мумкин. Клуб миқёсида ҳам жамоалар халқаро майдонда муносиб иштирок этмоқда. Бу мамлакатга киритилаётган сармоялар ҳам улкандир. Хитой термасини замонамизнинг энг кучли мутахассисларидан бири – Марчелло Липпи бошқармоқда. Сўнгги пайтларда ўйин сифати устида ишладик ва имкон қадар бара муаммоларни бартараф этдик. Майдонда энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз.

Тошкентдаги ўйиндан кейин Хитой термаси мураббийи алмашди ва бу жамоага ижобий таъсир ўтказди. Рақибнинг сўнгги ўйинларини кузатдик. Ўйин сифати анча кучайганини айтиш мумкин. Хитой термасига қарши қизиқарли беллашув гувоҳи бўламиз. Бугун Жанубий Корея ҳақида эмас, фақатгина Хитойга қарши ўйин ҳақида ўйлаймиз. Барча эътибор ушбу ўйинга қаратилган.

Хитой термасидан фарқли равишда, Ўзбекистон терма жамоасининг бир неча нафар футболчиси чет эл чемпионатларида тўп суради. Ўзбекистон Футбол Федерацияси тайёргарлик кўриш учун барча имкониятларни яратган, бироқ легионер футболчилар ҳар доим ҳам бир вақтда бизга қўшила олмайди.

Уханга келишдан олдин об-ҳаво нисбатан нам бўлишини айтишганди. Бироқ биз бу ерга етиб келганимизда ҳаво илиқ эканига амин бўлдик. Хитой чемпионатида тўп сураётган 3 нафар футболчимиздан рақиб ўйинчилари ҳақида етарлича маълумот олдик”, – деди Самвел Бабаян.

“Хитой кучли ва яхши жамоа, аммо биз ғалаба учун келдик. Умид қиламанки, Ўзбекистонга аъло кайфитяда учиб кетамиз. Жанубий Кореяга қарши беллашув ҳам биз учун муҳим саналади”, – дея фикр билдирди Сервер Жепаров.

Эслатиб ўтамиз, Хитой – Ўзбекистон учрашуви 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Изоҳ билдириш