16660

Ўзбекистонда янги керамогранит заводи очилди

Иқтисод 31 август 10:01 541

“Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий керамогранит ва сирланган керамик плитка ишлаб чиқариш мажмуаси ишга тушди, деб хабар қилмоқда Sputnik, Инвестициялар қўмитаси хабарига асосан.

Корхонанинг умумий қиймати 21 миллион доллардан ортиқ, ундан 20,9 млн доллари – тўғри чет эл инвестициялари. National Ceramics қўшма корхонаси Хитойнинг Gulf Cable Trading Company ва ўзбекистонлик ҳамкорлар иштирокида барпо этилган.

Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, корхонанинг йиллик қуввати 2 млн квадрат метр керамогранит ва 2,5 млн квадрат метр керамик плиткани ташкил қилар экан. Режага кўра ушбу маҳсулотнинг 30% экспорт учун мўлжалланган.

Корхонада Италиянинг Sachmi компаниясининг энергия тежовчи технологик линияси ўрнатилган. Умумий ҳисобда корхонада 80та иш ўринлари яратилган.

Ўзбекистон яқин беш йил ичида, янги корхоналарни ишга тушириш эвазига,  керамогранит қурилиш материаллари импортини бир неча баробар қисқартиришни режалаштирган.

“Ангрен” ЭИЗда 2018 йил  охирига қадар керамогранит маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яна бир йирик завод пайдо бўлиши керак. Иккинчи лойиҳа Италиянинг Siti B&T Group компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Корхонада йилига 4,5-5,5 миллион кв.метр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 37 млн доллардан ортиқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда охирги 1,5 йил ичида умумий қиймати 158 млн доллар бўлган 39та  янги инвестицион лойиҳа ишга туширилди. 2020 йил охирига қадар умумий қиймати 1,2 млрд бўлган яна 80та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Изоҳ билдириш