1639

Apple Ҳиндистонда iPhone ишлаб чиқаради

Технология 27 март 11:26 330

Apple компанияси келгуси икки ой ичида Ҳиндистонда iPhone ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, дея хабар бермоқда The Wall Street Journal.

Ишлаб чиқариш билан Тайваннинг Wistron компанияси шуғулланиши кутилмоқда. Бангалордаги заводда iPhone 6 ва iPhone 6S моделлари йиғилади. Яна уч ойдан кейин эса арзон iPhone SE модели ҳам чиқарила бошланади.

Apple вакили Ҳиндистонда ишлаб чиқариш бошланишининг аниқ санасини айтмаган бўлса-да, бу борада ҳаракатлар борлигини билдирди.

Хитойдаги сотувлари тобора камайиб бораётган бир пайтда Apple Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали харидорлари сафини кенгайтиришга эришиши мумкин.

Ўтган йили Ҳиндистонда смартфонлар сотуви 18 фоизга ўсди. Бироқ бу ерда телефонларнинг ўртача баҳоси 150 доллар атрофида. Apple компаниясининг энг арзон модели ҳисобланувчи iPhone SE эса 330 доллардан сотиляпти. Ҳиндистонда ишлаб чиқариш бошлангач, бу моделнинг нархи камида 100 долларга арзонлашади.

Изоҳ билдириш