14337

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҚК ташкил этилади

Иқтисод 3 август 10:08 426

Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналаридан бири ҳудудида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-хитой қўшма корхонаси ташкил этилади. Хитой томонидан Shangdong Sanhe Toy компанияси ҳамкорлик қилади, деб хабар берди Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш, шунингдек савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик масалалари Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиза Қудратова ва Shangdong Sanhe Toy раиси Сонг Чжинюан учрашувида муҳокама қилинди.

Учрашувда Тошкентнинг Олмазор туманида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича технопарк ташкил этишни кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Shangdong Sanhe Toy 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа мамлакатларга юмшоқ ва электрли ўйинчоқлар етказиб беради.

Маълумот учун: 2016 йилда Ўзбекистонга импорт қилинган ўйинчоқлар ҳажми 2,1 млн долларни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 29 фоизга қисқарди. Ўзбек бозорига асосан ХХР — 2 млн доллар (94%), Россия — 43,3 минг доллар (2,1%) ва Литва — 16 минг доллар (0,8%) миқдоридаги ўйинчоқларни етказиб берган.

Изоҳ билдириш