109

Қозоғистонда Ravon Nexia йиғилади

Иқтисод 27 февраль 16:02 418

Қозоғистоннинг «СариаркаАвтоПром» компанияси (Қостанай) март ойи охиридан бошлаб GM Uzbekistan заводи автомобилларини йиғишга киришади.

Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилишида «СариаркаАвтоПром»ни ўз таркибига олган Allur Group директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентьев маълум қилди.

«Барча синовлар ўтказилди, GM Korea томонидан лойиҳа бўйича лицензион шартноманинг имзоланишини кутаяпмиз, 22 мартгача ишлаб чиқаришга тайёр бўламиз», — деди Андрей Лаврентьев.

У 2016 йил охирида «СариаркаАвтоПром» ва GM Uzbekistan Қозоғистон ҳудудида Асака заводи автомобилларини йирик узелли йиғилишини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланганини эслатиб ўтди.

Биринчи босқичда Қостанайда Ravon Nexia R3 седанини йиғиш бўйича йилига 7000 дона автомобиль қувватига эга ишлаб чиқариш ташкил этилади. Кейинчалик иккинчи модел — Spark автомобили йиғилиши мумкин.

Андрей Лаврентьев сўзларига кўра, Қостанайда «СамАвто» (Самарқанд) томонидан ишлаб чиқарилувчи Isuzu автобусларини йиғиш ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида кооперация имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Изоҳ билдириш