10729

Энг яхши тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади

Тиббиёт 22 июнь 13:54 514

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон Ҳукумат портали.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 6 июндаги «Тошкент шаҳри аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлиги учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг фаол иштироки масалалари муҳокама этилди.

«Қарорга мувофиқ, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарлари ва мутахассислари халқ депутатлари шаҳар кенгаши сессияларида ҳар чоракда ҳисобот бериши йўлга қўйилди. Тиббий хизмат сифати юзасидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини мунтазам яхшилаб боришга, мавжуд камчилик ва муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш имконини беради», деб таъкидланган хабарда.
«Қарор асосида Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаси, туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси тўғрисидаги намунавий низомлар ва тузилмалар, бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами, тез тиббий ёрдам муассасалари ҳамда стационар тиббиёт ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, — дейди «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ў.Холов. — Бу ҳам мазкур муассасалар фаолиятида қонунийлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда аҳолига узлуксиз тиббий хизмат кўрсатиш тизимини сифат жиҳатдан янада яхшилайди».

«Қарорда тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш натижалари асосида уларни моддий рағбатлантириш тизимини ўз ичига оладиган Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб амалиётга киритиш назарда тутилган, — дейди «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси М.Дадахўжаева. — Бу соҳа мутахассисларининг масъулиятини янада ошириш баробарида уларни моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади».

Мазкур қарорда Тошкент шаҳрининг туман марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалари раҳбарлари ва мутахассисларига аҳолини кўп учрайдиган касалликлардан профилактика қилиш, даволаш бўйича алоҳида беморлар ҳамда бутун оила даражасида тиббий хизматлар кўрсатиш, аҳолига малакали бирламчи, тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, туғруқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, ўзгалар кўмагига ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида доимий патронаж ишларини амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.

Бу вазифаларнинг самарали бажарилиши ногиронликни камайтириш, аҳоли ўртасида юқумлик касалликлар тарқалишини бартараф қилиш, тиббий маданиятни янада оширишга хизмат қилади.

Изоҳ билдириш