10326

Нархлар сўмга ўтишига оз қолди: 1 июлдан бошлаб мобиль операторлар сўмдаги тарифларга ўтиши мумкин

Технология 19 июнь 13:13 1 434

Ўзбекистон мобиль операторлари 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб миллий валютада тарифлар ўрнатади ва ҳисоб-китобларни амалга оширади. Мобиль операторлар фаолиятининг янги қоидалари Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Тарифларни ўрнатишда ва кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда, хорижий валютадан, шунингдек, хорижий валютадаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолларда, тартиб ва шартларда йўл қўйилади. 2018 йил 1 июлдан тарифларни ўрнатиш ва кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади.

Янги қоидалар билан шартнома бекор қилинганида пул маблағларини қайтариш имконияти ҳам назарда тутилган. Оператор абонентга ишлатилмаган маблағлар қолдиғини 15 кун давомида қайтариб беришга мажбур.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламовлиги 2017 йил охирига қадар мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар хизматларини миллий валютада нархлашга ўтказиш бўйича қарор ишлаб чиқилиши ҳақида маълум қилганди. «Ўтиш жараёнининг ўзи катта маблағларни талаб қилади, бу арзонга тушадиган тадбир эмас. Бироқ, Ҳаракатлар стратегиясига кўра, ҳамма миллий валютада нархлашга ўтади: мобил операторлар ҳам, интернет-провайдерлар ҳам. Қарор шу йил охиригача ишлаб чиқилади ва келгуси йилдан амалга оширила бошлайди», — дея қайд этган Умиджон Аъламов.

Изоҳ билдириш