13173

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштириш дастури тасдиқланди

Узбекистан 18 июль 22:13 1 297

Ушбу муҳим ҳужжат ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган бўлиб, Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ўз ичига олган.

Қарорда кўзда тутилганидек, Дастур ижроси юзасидан Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг зиммасига Ёшлар иттифоқи фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитет шакллантириш каби маънавий-маърифий ишларни янада фаоллаштириш, айни пайтда истеъдодли ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш каби қатор вазифалар юкланади.

Давлатимизнинг ёшларга доир сиёсати борасидаги барча мақсадларини ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабул қилиш, имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ёшлар клуби»ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, Дастурга биноан Ёшлар иттифоқи фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида унинг ёшларга оид оммавий ахборот воситалари, фуқаролар йиғинлари, хориждаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, Иттифоқнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, жумладан, «Ёшлар нашриёт уйи», «Ёшлар пресс-клуби» ва «Ёшлар қурилиш инвест» компаниясини ташкил этиш, таълим олиш ва уй-жой эгаси бўлишда, ўз бизнесини ташкил қилишда илғор ва намунали ёшларга кўмаклашиш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Изоҳ билдириш